Қоратовдаги 14-мактабда қозоқ халқининг миллий маросимига бағишланган тадбир ўтказилди
Мамлакатимизда турли миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Юртимизнинг турли бурчакларида ҳар бир миллатнинг эмин-эркин яшаши, ўз она тилида билим олиши, сўзлашиши, миллатининг ўзига хос урф-одатларини, анъаналарини сақлаб қолган ҳолда авлодларга етказиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистон доимий аҳолиси таркибида ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, қорақалпоқлар ва руслар энг йирик этник гуруҳларни ташкил қилади.
2021 йилнинг 1 январь ҳолатига мамлакатимиз аҳолисининг 821 минг 200 нафарини қозоқлар ташкил қилади. Ўзбек ва қозоқ миллати азалдан қардош халқ экани ҳеч кимга сир эмас. Халқларнинг анъаналари, урф-одатлари, турмуш тарзи ҳам бир-бирига жуда ўхшаш. Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактаблар бор. Шулардан бири – Нукус шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли, бизга қўшни бўлган Қоратов элатидаги 14-сонли мактабдир.
Мазкур мактабда Наврўз байрами олдидан қозоқ халқининг миллий маросимларидан бири – анъанавий “кўришув куни” тадбири ўтказилди. Байрам кечасини мактаб директори Зийнегул Ришпанова ўзининг табрик сўзи билан очиб берди. Тадбирда мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, ота-оналар иштирок этди. Меҳмонлар олдига миллий таомларга тўла кенг дастурхон ёзилди.
Айтиш жоизки, қадим-қадимдан қозоқлар 21 март – кун билан тун тенглашган кун, янги деҳқончилик йилининг бошланиши арафасида, яъни, наврўз байрамидан бир ҳафта олдин – 13 март куни “кўришув куни”ни нишонлаб келишган. Ўша куни эл катхудолари, кайвони онахонлар бошчилигида кенг дастурхон ёзилиб, узоқ элларда яшовчи қариндошлар ҳам бир жойга йиғилиб, учрашишган. Ўша куни инсонларнинг ўзаро гина-кудуратлари унутилиб, урушган одамлар кўпчиллик кўз ўнгида ярашишган. 21 март – Наврўз байрами олдидан бир-бирларига эзгу тилаклар билдиришган.
Қорақалпоғистоннинг таълим қозоқ тилида олиб бориладиган мактабларида ҳам “кўришув куни”ни ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу кунни ўтказишдан нафақат ушбу байрам, балки миллатнинг бошқада гўзад урф-одатлари ва анъаналарини ёш авлодга етказишдек эзгу мақсад ҳам кўзланган.
Айтиш керакки, Нукус шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли Қоратов элатидаги 14-сонли мактабда ҳозирги кунда 489 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Уларга 47 нафар малакали педагоглар жамоаси илм-фан сирларини ўргатиб келмоқдалар.
Тадбирга йиғилган меҳмонлар анъанага кўра бир-бири билан қучоқ очиб саломлашдилар, келаётган Наврўз байрами билан бир-бирларини табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларини билдирдилар.
Тадбирда қозоқ халқининг миллий куй-қўшиқлари, рақслари ижро этилди. Зайина Жумантаева ижросидаги “Наврўз” қўшиғи, ўғил болалар ижросидаги рақс, 7-синф ўқувчиси Динора Холмуродова ижросидаги “Саржайлаў” қўшиғи, мактабнинг ўқувчи қизлари ижросидаги “Қозоқ қизлари” рақси, тадбир меҳмони Жонузоқ Бекжоновнинг дутор чалиб айтган миллий қўшиғи, 3-синф қизлари ижросидаги “Қамажой” рақси, мактаб ўқитувчиси Гулхан Нураддинова ижросидаги “Айдинлар” қўшиғи ва ўқувчи қизлар ижросидаги қозоқча рақс барча йиғилганларда кўтаринки кайфият бахш этди.
Тадбир сўнгида эл оқсоқоллари ушбу миллий байрам кечаси ташкилотчиларига ўзларининг чуқур миннатдорчилигини билдирдилар ва мактаб жамоасининг ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни миллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат, жонажон Ўзбекистонимизга садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишларида омад тиладилар. Тадбирни ташкил қилишда мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Айнура Содиқованинг хизматлари катта бўлди.
Ўрозали Реимов.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶