БОЛАЛАРНИ ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАЛАРИДАН АСРАШ МАВЗУСИДА ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ
Ота-боболаримизнинг остона ҳатлаб уйдан чиқаётган одамни “ой бориб, омон қайт”, дея дуо қилишлари бежиз эмас. Чунки ўзини келажакда нималар кутаётганини ҳеч ким билмайди. Шу аснода хоҳ транспортда, хоҳ пиёда бўлса-да, йўлда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилиш – унинг хавфсизлигини таъминлайди, албатта.
Кейинги йилларда йўл-транспорт ҳодисаларининг кўпаяётгани барчани ташвишлантиради. Йўлларда ҳаракатланиш чоғида ҳайдовчиларнинг тезликни меъёридан ошириши, қарама-қарши ҳаракат йўлига чиқиши, спиртли ичимликлар истеъмол қилган ҳолда траспорт бошқариши, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига амал қилмаслиги бунингдек ҳодисаларга сабаб бўлаётир.
Шунингдек, йўлларда пиёдаларнинг ҳам йўл белгиларига бўйсунмай ҳаракатланиши баъзан кўнгилсизликлар билан тугамоқда. Бунингдек ҳолларнинг олдини олиш мақсадида туман Ички ишлар бўлими йўл патрул хизмати бўлинмаси ходимлари кўпгина чора-тадбирларни амалга оширмоқда, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши қатъий назорат қилинмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, йўл-траспорт ҳодисаларининг содир бўлишига баъзан пиёдалар ҳам сабабчи бўладилар, серқатнов йўлларда белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш ёхуд йўлнинг траспорт воситалари қатнов қисмидан юриш каби қоидабузарликлар шулар жумласидандир.
Бунингдек ҳолатларнинг, айниқса, вояга етмаганлар билан боғлиқ йўл-траспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётир.
Шу йилнинг 26 ноябрида туманимиздаги 76-сонли умумий ўрта таълим мактабида туман Ички ишлар бўлими йўл патрул хизмати бўлинмаси ташаббуси билан ўтказилган тадбир ҳам шу мақсадга қаратилди.
Тадбирда мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари, уларнинг ота-оналари иштирок этдилар. Унда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Мухтор Раҳматуллаев, бўлим Йўл патрул хизмати бўлинмаси бошлиғи Дилшод Аминовларнинг йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш лозимлиги, ўқувчи ёшларни йўл транспорт ҳодисаларидан эҳтиёт қилиш лозимлиги хусусида маъруза қилдилар.
Болалар – ҳар бир оиланинг умид ғунчалари, ота-она умрининг давомчиларидир! Йўлларда уларни турли тасодифлардан, бахтсиз ҳодисалардан ҳимоя қилишда ота-оналарнинг ҳам роли улкан. Улар ўз фарзандларини, айниқса бошланғич синфлар ўқувчиларини имкон қадар таълим муассасасига олиб келиб, олиб кетишлари лозим. Шунингдек, йўлларда содир бўлаётган кўнгилсизликлар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик оқибатида келиб чиқаётганини тушунтиришлари лозим. Чунки туманимизда ҳам болалар иштирокида йўл-траспорт ҳодисалари учраб турибди. Шу йил ноябрь ойининг ўзида болалар иштирокида 2 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди ва 3 нафар бола турли даражада жароҳат олди. Бундан ҳамма ўзига тегишли хулоса чиқариш лозимлиги маърузаларда таъкидланди.
Тадбирда ўқитувчилар ва ота-оналар ҳам мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶