Эҳтиёжманд оилалар фарзандларига қишки кийим-бош берилди
Мамлакатимизда кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларининг умумтаълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳларда ўқишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилнинг 16 августида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилалар фарзандларининг умумтаълим муассасаларидаги куни узайтирилган гуруҳларда ўқишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан ижтимоий ҳимоя ва ҳар томонлама кўмакка муҳтож оилалар фарзандларининг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилди.
4 ноябрь куни Амударё тумани Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими биносида туман ҳокимлиги ташаббуси билан кам таъминланган оилалар фарзандларига қишки кийим-бош берилди.
Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, секторлар раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов, туман Халқ таълими бўлими масъуллари иштирок этдилар.
Тадбирда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев сўзга чиқиб, мазкур хайрли иш туманимиздаги эҳтиёжманд оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалар фарзандларининг сифатли ва тизимли умумий ўрта таълим олишига амалий ёрдам бериш, моддий жиҳатдан қийналган оилалар фарзандларини қишки кийим билан таъминланишига ёрдам бериш мақсадида амалга оширилаётганини таъкидлаб, умумий ўрта таълим мактабларида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож ўқувчилардан 60 нафарига қишки кийим-бошларни тақдим этди.
Бу хайрли ишда туманимиздаги энг илғор ва ташаббускор тадбиркорлардан бири Тамара Юсупова раҳбарлик қилаётган “Тамара текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг ҳиссаси катта бўлди. Жамият томонидан ўқувчиларга бериладиган қишки кийим-бошлар сифатли, қулай ҳамда замонавий урфда тайёрланган.
Шу ўринда айтиш керакки, бугунги кунда туманимизда Халқ таълими бўлимига қарашли 85 та умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлиб, уларда 37 минг 965 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олиб келмоқдалар. Ўқувчиларнинг қиш мавсумида сифатли таълим-тарбия олишлари учун умумтаълим мактабларида кенг кўламли куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилди. Таълим масканлари биноларидаги мавжуд камчиликлар аниқланиб, уларни мавсумга тайёрлаш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мактабларни қишки мавсумда иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Тадбирда сўзга чиққан масъуллар сўнгги йилларда юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳамда ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишлари учун яратилаётган кенг имкониятлар, шарт-шароитлар хусусида тўхталиб, ўқувчи ёшларни ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиб, устозлари бераётган билимларни чуқур эгаллашга, юртимизга муносиб фарзанд бўлишга чорладилар.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶