“БАРКАМОЛ АВЛОД” БОЛАЛАР МАКТАБИДА “КЕЛАЖАК ЮЛДУЗЛАРИ” ХЭШТЕГИ ОСТИДА ДАВРА СУҲБАТИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ
Баркамол авлод юрт келажагини яратади. Ёшларнинг таълим-тарбияси келажагимиз учун алоҳида аҳамиятга эга бўлганлиги боис мамлакатимизда уларнинг пухта таълим-тарбия олиши учун қулай шароит яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ёш авлодга таълим-тарбия бериш билан бирга касб-ҳунар тўғрисида илк кўникмалар ҳосил қилишларини таъминлаш мақсадида ҳам мактаб таълимидан ташқари имкониятлар яратилмоқда.
Бу борада Амударё туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактабида қилинаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Халқ таълими тизимининг муҳим таркибий бўлагига айланиб улгурган тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактабида ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантириш, уларни миллий анъаналар, тарихий қадриятлар ва буюк аждодлар мероси асосида тарбиялашга жиддий ёндашилади. Ижодкор, қизиққан соҳаси бўйича янгиликларни яратишга тайёр ўқувчилар шу мактаб тўгаракларида илк касбий кўникмаларни ўрганади.
4 август куни мазкур мактабда “Юксалиш ойлиги” доирасида “Келажак юлдузлари” хэштеги остида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Хонимжон Ражабова, туман Маданият бўлими ходимлари Анвар Худойберганов, Насиба Эшчонова, Ойбек Бегимовлар қатнашишди.
Туманимиз маданият тизимда кўп йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётган тажрибали ходимлар ёшларга маданият ва санъат, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳақида гапириб бердилар.
Маданият ва санъатнинг жамият ривожидаги ўрни хусусида сўз юритиб, соҳани ривожлантириш, ҳамда келажак авлодни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш мақсадида ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатларининг фаолияти йўлга қўйилгани, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамлангани, бу ўз навбатида юртимиз ёшларининг нуфузли халқаро танловлардаги муваффақиятларига замин бўлаётганини алоҳида таъкидладилар.
Юртимизда маданият ва санъат соҳасида халқаро даражадаги фестивалларнинг ўтказилиши ўзбек маданиятининг асл тарихий илдизларини мустаҳкамлаш ва жаҳонда тарғиб қилинишига хизмат қилаётганини фахру-ифтихор билан эътироф этдилар.
Давра суҳбати давомида «Учқун» ашула ва рақс халқ ансамбли бадиий раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб келаётган хонанда Анвар Худойберганов ўқувчи-ёшларга туман маданият марказидаги 3 та халқ ансамбли, яъни «Учқун» ашула ва рақс халқ ансамбли, «Офарин» фольклор-этнографик халқ жамоаси, «Жайҳун мўъжизаси» анъанавий саҳна цирк халқ жамоалари нафақат туман, балки Ўзбекистон миқёсида таниқлилигини баён этди.
Шу жумладан, 22 йилдан буён фаолият юритаётган “Драма ҳаваскорлик”, Амударё туманига хос бўлган “Масхарабозлик санъати”, “Симли дор ўйинлари ” жамоалари халқимизнинг маънавий қадриятларини тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урф-одатларимизни, тарихий, илмий, маданий меросимизни юксалтириш борасида тинмай хизмат қилаётганини айтиб ўтди.
Тадбирга ташриф буюрган соҳа ходимлари ашулалар, шеърлардан иборат ижод намуналарини ижро этиб, ёшлар билан баҳам кўрдилар. Шунингдек, мактабнинг бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари ҳам мусиқий дастур, ажойиб қўшиқ ва дилрабо рақслар намойиш этиб, тадбирга янада файз киритдилар.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶