ГИЁҲВАНДЛАР ҚЎЛГА ОЛИНИБ, ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ
Гиёҳвандлик инсон умрини емирувчи, ҳалокатга етакловчи иллат бўлиб, оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Афсус, шундайлигини била туриб ҳам унинг ботқоғига ботаётганлар ҳаётда кўп учрайди ва улар нафақат ўзини, балки яқинлари, оиласи, фарзандларини касрига қолдириб, зулмат гирдобига тортади.
Ёшгина бўлишига қарамасдан кўшни туманлик Шермат (исмлар ўзгартирилган) ҳам шу балои офатнинг комига тушди. Касаллигини, кимдир гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилсанг тузаласан деганини баҳона қилди. Фақат шуни излаб топишдан бошқа нарсани ўйламайдиган, ҳеч ким кўзига кўринмайдиган бўлиб қолди. Ўзи ружу қўйгани етмагандек, бошқаларга сотиб, жиноий йўл билан мўмай пулга эга бўлишга ҳам ҳаракат қилди.
Аммо бу ғаразли ниятига етолмади. У ўзидаги икки дона гугурт қутисига солинган 4, 67 граммни ташкил қилувчи «марихуана» гиёҳвандлик воситасини 1 млн. 200 минг сўм пулга сотаётган пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди.
Шу туманда яшовчи Комил (ўзгартирилган) ҳам шу заҳри қотилга анчагина ўрганди. Ҳатто уруғини топиб, ноқонуний тарзда томорқасининг четида 3 туп таъқиқланган каннабис гиёҳвандлик ўсимлигини етиштирди. Олган ҳосилини эса идишларга солиб яшириб қўйди. Аммо унинг ҳам кўнгилхушлиги узоққа бормади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида унинг ўзи истеъмол қилиш учун соф оғирлиги 129,98 граммни ташкил қилувчи кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётгани аниқланди.
Ҳар иккала гиёҳванд қилмишига яраша қонунда кўрсатилган тартибда жазога тортилди.
А.Кошанов, Жиноят ишлари бўйича Тахиатош тумани суди раиси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶