КАДАСТР СОҲАСИДА КОРРУПЦИОН ҲОЛАТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр Агентлиги директорининг шу йил 14 июль куни ZOOM орқали ўтказилган селектор йиғилишида соҳада коррупция ривожланишининг олдини олиш, унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, топшириқлар берилган эди. Шунга кўра Кадастр Агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ҳудудларда учрашувлар ташкил этилиб, коррупциянинг салбий оқибатлари, бу борадаги қонунлар, давлат ҳужжатлари хусусида кенг тушунчалар берилмоқда.
31 июль куни Кадастр агентлиги Амударё туман бўлимида мазкур масала юзасидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Кадастр Агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси масъуллари Озод Эшчонов, Маҳмуд Узоқбоев, Расул Зиваддиновлар иштирок этиб, Президентнинг 2019 йилдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва унга кўра тасдиқланган “2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги Давлат дастури” ва қонунчиликда киритилаётган ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти хусусида сўз юритилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, ҳуқуқ устуворлигига путур етказадиган, инсон ҳуқуқларини бузилишига олиб келадиган ва жамият равнақига тўсқинлик қиладиган иллат бу – коррупция ҳисобланади. Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадидаги Президентнинг мазкур Фармонига мувофиқ 2019-2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унинг асосий вазифаси коррупцияга доир ҳуқуқбузарликларга замин яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларга қарши кескин чоралар кўрган ҳолда курашишдан иборат. Ундан ташқари, Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ташкил этилди ва Агентликнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди.
Хусусан, масъуллар коррупциянинг хавф-хатарларини таҳлил қилиш ва аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш, ҳуқуқий онгини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали ташвиқот ишларини амалга ошириш лозимлигини таъкидлашди. Шулар билан бирга, жамиятимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатини кўзлаб норма ижодкорлигида кўплаб ўзгаришлар бўлаётганини алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, ер ажратиш тизимида коррупцияга қарши курашиш ва бу борадаги қонунчилик асослари бўйича тизимда олиб борилаётган ишлар ҳамда соҳадаги ўзгаришлар ва ютуқлар, коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг долзарб масаласи ва солиқ борасида амалга оширилаётган ишлар борасида соҳа мутахассислари томонидан маълумотлар берилди.
Йиғилишда коррупцияга қарши курашиш борасида давлат томонидан қабул қилинган ҳужжатлар бўйича ходимлар ўртасида тушунтиришлар ва тарғибот тадбирларини мунтазам равишда ташкил этиш, соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофлик принципларини таъминлашда камчиликларга йўл қўймаслик кераклиги таъкидланди. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар, соҳада коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг, йиғилиш очиқ мулоқот шаклида, яъни савол-жавоб тарзида давом эттирилди. Йиғилиш иштирокчиларининг саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоблар берилди.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶