16.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
16.08.2026, 22:56
Жамият 👁 261

ДУРУНКИ ЭЛИДА ШУНДАЙ ФИДОЙИЛАР БОР

ДУРУНКИ ЭЛИДА ШУНДАЙ ФИДОЙИЛАР БОР

Инсон ҳаётини яхши томонга ўзгартириб юборадиган янгиликлар қачон пайдо бўлади? Албатта, тараққиёт, фидойилик, тинчлик ва тотувлик бор жойда! Аслида тараққиёт – фидойиликнинг, тинчлик ва тотувлик, ҳамжиҳатликнинг самараси. Бағрида юзлаб оилаларни мужассам этган маҳалла эса жамики эзгу ишларнинг сарчашмаси – ўсиш нуқтаси. Чунки биз маҳаллада яшаймиз. Қаерда, қайси соҳада ишлашимиздан қатъий назар, қалбимизни нурлантириб тургувчи орзу-умидларимиз, эзгу ниятларимиз маҳаллада – оиламиз бағрида туғилади. Энг аввало оиламизни яхшиликлар маконига айлантирамиз, миллий-маънавий илдизларимиздан келиб чиқиб, маҳалла ҳаётига аралашамиз, маҳалладошларимиз учун яхшиликлар улашишдан кўнглимиз юксалиб, қадамларимиз дадиллашади. Ана шу дадил қадамлар эл-юрт тараққиётига кафил, тинчлик-тотувликка кафил! Ватанпарварлик, халқпарварлик туйғуси ҳар дилда ҳоким!

Манғит шаҳрининг Дурунки маҳалласи аслида уч юз йиллик тарихга эга, халқи меҳнаткаш, фидойи ва ҳамжиҳатликда ибратга муносиб сўлим ва ободон гўша. 2012 йилнинг 2 август санасида туман ҳокимининг қарори билан янгидан ташкил этилган маҳаллага тарихий илдизларидан келиб чиқиб, Дурунки номи берилди. Бири-бирига елкадош, меҳр-оқибатли маҳалла  аҳлининг асосий қисмини ўзбек оилалари ташкил этса-да, қорақалпоқ, татар, туркман, қозоқ ва бошқа миллат вакиллари орасида ўзаро ҳурмат, эътибор, бир-бировга меҳр-оқибат кучли. 733 та оилага бирлашган 3460 нафар аҳолининг деярли барчаси бири-бирига таниш, қон-қариндош. Шу боис, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит билан боғлиқ муаммолар деярли йўқ ҳисоби. Бири-биридан фидойи ва уддабурон маҳалла аҳли орасида тадбиркорлар, ишбилармон деҳқонлар жуда кўп. Уларнинг ўз тадбиркорлигини ривожлантиришлари, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароит яратиш, кези келганда қўллаб-қувватлаш борасида маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилаётган ишлар эътиборга, ибратга лойиқ. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Жуманиёзов раҳбарлигидаги 18 кишидан иборат МФЙ Кенгаши аъзолари деярли ҳар куни бажариладиган режавий ишлар бўйича фикр алмашиб, йиғин ҳузурида фаолият олиб борувчи комиссиялар ва жамоатчилик  тузилмалари томонидан амалга  оширилаётган ишларни таҳлил қилишади.

Хусусан, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, тафтиш комиссиялари, шунингдек, “Ота-оналар Университети”, “Кексалар маслаҳати” жамоатчилик тузилмалари раҳбарларининг ҳамкорликдаги фаолиятлари туфайли, маҳалла ҳудуди чиқиндилардан ҳоли, обод ва кўркам гўшага айланиб бормоқда. Ҳудудда нотинч оилалар деярли йўқ ҳисоби.

Аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида  амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли меҳнатга лаёқатли ҳудуд аҳолисининг 940 нафари корхона ва ташкилотларда меҳнат қилади, 147 нафари эса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишади. Шунингдек, 3 нафар киши миллий ҳунармандчилик, 55 нафар киши савдо-сотиқ, 73 нафар киши эса тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият юритишади. 247 нафар  киши эса мавсумий ишларга жалб қилинган. Ҳудудда 1 та МТТ ва 1 та умумтаълим мактаби, барча қулайликларга эга спорт майдончалари бўлиб, аҳоли фарзандларининг таълим-тарбия олишлари, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун доимий фаолиятда. Шунингдек, маҳалла ҳудудида ташкил этилган 2 та кутубхона айни пайтда кекса-ю ёшнинг, айниқса, китобсевар болажонларнинг севимли масканига айланган.

Маҳаллада  “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган фуқаролар билан ишлашиш борасида ишлаб чиқилган ўзига хос тизимдан нафақат мазкур дафтарлар рўйхатига киритилган фуқаролар, балки кўп сонли аҳоли вакиллари ҳам мамнун. Чунки шароити оғир деб ҳисобланган оилалардан 55 таси “Темир дафтар” рўйхатига киритилган бўлса, ушбу оилаларнинг иқтисодини яхшилаш учун кўрсатилган моддий-маънавий рағбат ва ҳомийлик ёрдамлари туфайли қисқа вақт ичида уларнинг асосий қисми “Темир дафтар” рўйхатидан чиқарилди. “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” рўйхатларига киритилган фуқаролар орасида эса оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар сафи тобора ошиб бормоқда.

Ҳудудда тадбиркорлар томонидан янгидан барпо этилган кўркам бинода тикувчилик цехини очган Меҳрибон Хонова нафақат ўзининг, балки 7 нафар ёшларнинг ҳам бандлигини таъминлаган. “Меҳрибон” чеварлик цехининг доимий мижозлари, буюртмачилари эса туман ИИБ ходимлари ҳамда туманимиздаги ДХХ чегара қўшинлари ҳарбий қисми ҳарбийларидир. Чевар қизлар Ички ишлар бўлими ва чегара қўшинлари ҳарбий қисми томонидан тушган буюртмалардан ташқари, Манғит шаҳрининг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли буюртмаларини ҳам тез ва сифатли тайёрлаб беришади.

Маҳалладаги Ўрозгул Эшмонова ва Муродбой Ортиқовлар оиласи серфарзанд оилалардан. 5 қиз ва 2 ўғилни тарбиялаб, вояга етказиш, уларни уйли-жойли, касб-корли қилиш Ўрозгул опа билан Муродбой отага осон бўлмади. Яхшиям маҳалла бор. оилаларга кириб бориб, муаммоларини ўрганувчи, жамоатчилик тузилма ишлаяпти. Мазкур комиссияга Тўрабой Авезов, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва жамоатчилик назорати комиссиясига эса йиғин раиси Шуҳрат Жуманиёзов раҳбарлик қилади. Йиғин раиси ўринбосари Гавҳар Мингбоева асосан ана шу иккала комиссия аъзолари билан ҳамкорликда иш олиб боради.

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан манзилли иш олиб бориш, уларни “Аёллар дафтари” рўйхатига киритиш, маҳаллада фаолият юритувчи комиссияга тақдим этиш, бундай аёл-қизларнинг ижтимоий-маиший, тиббий-психологик муаммоларини атрофлича ўрганиш орқали ҳуқуқий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор туфайли кўплаб аёл-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳаётга фаол аралашувига эришилмоқда.

Хусусан, комиссиялар томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари Муродбой ота билан Ўрозгул опанинг хонадонига бориб, оила ҳаётини ўрганишгач, уларнинг келини Дилноза Матсафоева ва ўғли Мухторжон Ортиқовнинг ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун йўл-йўриқ ва маслаҳатлар беришди. Дилнозахон билан Мухторжон аввал дераза ва эшик пардаларини тикиш ҳунарини ўрганишди. Йиғин раисининг қўллаб-қувватлаши ва йиғин ҳузуридаги комиссиялар ёрдами билан 33 млн. сўмлик банк кредити ҳисобига ўз уйларида замонавий пардалар тикиш цехини очишди. Айни кунда чевар эр-хотиннинг қўли-қўлига тегмайди, мижозлари беҳисоб. Олинган кредит маблағини эса сўндириш арафасида. Дилноза билан Муҳторжоннинг энг яқин маслаҳатгўйи ва кўмакчиси бўлган Ўрозгул опа Эшмонова фарзандларининг топиш-тутишидан мамнун.

Ҳаракатда баракат бор, дейишади. Мухторжон билан Дилноза оиланинг томорқа хўжалигига ҳам эътибор қаратишади. Кафтдеккина ерда рўзғор ошхонаси-ю, дастурхони учун зарур бўлган барча неъматлар етиштирилади. Ҳалол меҳнатлари эвазига кун сайин фаровонлашиб бораётган хонадон файзига, тўғриси ҳавасимиз келди.

Кўпчилик мол-ҳол, парранда парваришлаш, деҳқончилик маҳсулотлари етиштириш қишлоқ одамларига хос, деб ўйлашади. Аслида эса ишнинг кўзини билган одам, у шаҳарликми, чўл-у даштда яшайдими ё қишлоқдами, ерни ҳақиқий даромад манбаига айлантиради. Чорва-ю паррандани бинойидай парваришлаб, ҳавас қилгудай турмуш тарзини ярата олади.

Дурункилик Райимбой ота Мавлонов узоқ йиллар почта алоқа хизмати соҳасида меҳнат қилди. Нафақага чиққач, томорқа ерига меҳр қўйди. Худо берган икки ўғил, икки қизи, умр йўлдоши Ўғилжон она унга яқин кўмакдош бўлди. Рўзғор учун зарур маҳсулотларни, мева-чева, қовун-тарвузни кафтдеккина ерида етиштириб, баракасидан кўнгли тўлган отахон шундоқ уйига яқин жойдаги ташландиқ, қаровсиз ерни обод қилишни ўйлаб қолди. Фарзандлари билан маслаҳатлашиб, шу ерда боғ яратиш мақсадида ҳаракатни бошлаб юборди. Ахир одамнинг ичи ачишадида. Бинойидай ерга атрофдаги хонадонлардан турли ахлатлар чиқариб ташланиши натижасида тупроқ ҳолати ҳам ёмонлашиб, шўр босиб кетганди. Ерни обдон тозалашди. Ёввойи оқбош, шўра, юлғун ва янтоқ томирларини бирма-бир териб, чиқариб ташлашди. Яхшилаб текислаб, ишлов беришди. Биринчи, иккинчи йиллари унчалик ҳосил бермасада, ҳарна ер, “очилишди”. Қайта-қайта ҳайдалиб, маҳаллий ўғит билан ишлов берилган ерга Райимбой ота мевали дарахтлар ўтқазди. 30 сотих ернинг йил сайин унумдорлиги ошиб, мевали дарахтлар орасига сабзавот ва полиз экинлари экди. Айни пайтда, боғ мевага кирган, полизда қовун-тарвуз етилиб, сабзавотлар хонадон дастурхонини безаб, эҳтиёжларидан ортганини Райимбой отанинг келинлари бозор расталарига олиб чиқишяпти.

Гарчи, шаҳарда яшасалар-да, ҳовли-ю томорқага ёндош ўтган Манғит арна канали бўйидаги йўл ёқасидан ҳам унумли фойдаланаётган Райимбой ота ва унинг неваралари қатор қилиб боғлаб қўйилган зотдор қорамолларни ҳам меҳр билан парвариш қилишади. 30-40 та курка, ўрдак  ва товуқ парвариши билан шуғулланадиган Ўғилжон она бошчилигидаги келинлар ва неваралар ҳар куни бир челак тухум йиғиб олишади. Кунига 35 литр серқаймоқ сут ва тухумнинг оила эҳтиёжидан ортгани бозорни обод қилаётганини инобатга олсак, шаҳарлик томорқачи Райимбой ота Мавлоновнинг оилавий ойлик ва йиллик даромадининг баракасига ҳавасингиз ортиши табиий. Томорқа хўжалиги даромади ҳисобидан фарзандларини уйли-жойли, мулкли қилган, оиласи учун яп-янги енгил автомобиль сотиб олган Райимбой ота янги режалари ҳақида тўлиб-тошиб сўзлайди. Невараларини ҳам олийгоҳларда ўқитиш ниятида эканини яширмайди. Томорқа ва хонадон чорвасидан оила бюджетига келиб тушаётган маблағлар ҳисобидан невара-чевараларининг ҳам орзуларини амалга ошириш бўйича янги режалар тузади.

Ҳалол ва фидойи меҳнати билан оиласи ризқини зиёда, эл-юртни обод қилиб яшаётган Райимбой отанинг режалари катта. Маҳалла ёшларидан икки нафарини доимий иш билан банд қилиш ниятида. Ёшларга боғдорчилик ва чорвачилик сирларини ўргатишни режалаштирган.

Азизлар, биз юқорида ўзгаришлар, янгиликлар фидойилик, тинчлик ва тотувлик, тараққиёт бор жойдагина юзага келиши ҳақида сўз юритиб, бундайин тўкислик, энг аввало оила бағрида яралишини, бу тўкислик она юрт қиёфасини ўзгартириб юборишини айтган эдик. Агар таъбир жоиз бўлса, дурункиликлар ҳаёти билан танишиш асносида ана шундай, кўнгилларни яшнатиб юборадиган ўзгаришларга, янгиланишларга гувоҳ бўлдик. Беихтиёр бундан ўттиз йил олдинги Дурунки элатининг қиёфасини кўз олдимизда жонлантирдик. Яккам-дуккам кўчалар, пастқам уйлар, қаровсиз ерлар, чала-чулпа қурилишлар ўрнини бугун бири-биридан обод, файзга тўла кўчалар, замонавий уй-жойлар, кундан-кунга бадавлат бўлиб бораётган оилалар эгаллаганини кўриб, дилимизда ҳавас уйғонди. Ҳар куни бир ўзгариш ясашга интилиб, ўз турмуш тарзини замонага мос янгилашга ҳаракат қилаётган, тинчлик-тотувликдан кўнгли ва хонадони обод дурункиликларга бундан-да хайрли, тароватли ва саодатли ҳаёт тарзини  тиладик.

Робия ЙЎЛДОШЕВА, Равшан БАҲРОМОВ.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда Болалар саломатлиги назоратда: гижжа касалликларига қарши профилактика ишлари давом этмоқда 13.08.2026 Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда Мустақилликнинг 35 йиллигига муносиб туҳфа: Амударёда 49 та оилага қувонч улашилмоқда 10.08.2026 Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди Куйдирги касаллигининг олдини олишга қаратилган махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди 10.08.2026 Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар Темир йўл соҳаси фахрийлари касб байрами муносабати билан дийдорлашдилар 06.08.2026 Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда Қорамон маҳалласида электр инфратузилмаси янгиланмоқда 06.08.2026 Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди Меҳнат фахрийси, жамоат арбоби Янгибой Ражаповнинг 80 йиллик юбилейи нишонланди 05.08.2026 Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди Амударё туманида ғўза парваришига бағишланган кўргазмали дала семинари ўтказилди 05.08.2026 Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда Амударё туманида ободонлаштириш ишлари жадаллик билан давом этмоқда 05.08.2026 “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди “Инсон” ИҲМ ходимлари томонидан “Ёлғиз кекса” реестрига киритилган фуқароларнинг хонадонларида ҳашар ташкил этилди 04.08.2026 Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди Амударёда «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди 04.08.2026 Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида Такрорий экинлардан мўл ҳосил олиш йўлида 01.08.2026 Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди Амударё туманида Халқлар дўстлиги куни кенг нишонланди 01.08.2026 Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди Амударё туманида навбатдаги сайёр қабул: Аҳоли муаммолари жойида ўрганилди 30.07.2026 Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда Мустақиллик байрами олдидан кенг кўламли ободонлаштириш ишлари давом этмоқда 30.07.2026 Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди Президент қарори ижроси: Амударёда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтди 30.07.2026 Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди Имконияти чекланган фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбир ўтказилди 29.07.2026 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 22-сессияси тўғрисида ахборот 29.07.2026 Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019