Кўзим қароғида улғай, болажон!
Азизим! Бу дунёнинг барча ташвишларини бир четга қўйиб, чор-атрофга оламча ҳайрат, ҳаяжон билан илк қадамини қўяётган жажжи болажонга бир қаранг! Беихтиёр унинг гўдакларча ҳадик, айни дамда қизиқиш билан олға интилишидан завқланиб кетдингиз. Қоқилиб кетмасин, дея қадамига поёндоз бўлгингиз, қўлларидан тутиб равон, эмин-эркин олға интилишига кўмак бергингиз келиб кетди, беғубор кулгусига жон нисор қилгудайсиз, юрак-юрагингиздан унинг камолини тилайсиз, уни долғали дунёнинг тўлқинларидан кўзи қароғингизда асрагингиз келди...
Глобаллашув асри, ахборот асри, юксак ривожланиш асри дея номланаётган бизнинг бугунги давримизда бола камоли учун ҳаракат у дунёга келмасидан олдин бошланади. Аввало ҳомиланинг нормал ривожланиши, она соғлиғи мунтазам назорат қилиб борилади ва зарур ҳолларда ёрдам кўрсатилади. Дунёга келган чақалоқнинг улғайиши, ақлий, жисмоний ривожланиши учун барча шароитлар мавжуд. Мактабгача таълим, умумтаълим муассасаларида уларнинг замонавий илм-фанни чуқур эгаллашлари, тарбия олишлари учун барча шароитлар муҳайё. Таълимнинг кейинги босқичида эса ёшлар таълим-тарбия олибгина қолмай, касб-ҳунар ҳам эгаллайдилар, ўз танлаган касби бўйича илк кўникмаларга эга бўладилар. Ва касб-ҳунар таълими муассасаларини тугатаётган ўғил-қизлар ишга ҳам жойлаштириладилар.
Мамлакатимиздаги болалар учун яратилаётган имкониятлар қанчалик кенг қамровли ва истиқболли бўлмасин, ташвишланарли таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам мавжудлиги барчамизга бирдек аён. Бу – болалар қай бирини тўғри ё нотўғрилигини англаб улгурмай сония сайин интернет тармоғи орқали оқиб келаётган ахборотлар оқимидир. Бу ахборотларнинг, хусусан Европа "оммавий маданиятининг” ёшлар онгидаги таъсири ҳозир шу даражага етдики, мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари ҳам уруш, қирғинбарот, бир-бировни қийнаш каби манзаралар акс этувчи кинофильмларни мижжа қоқмай кўради. Жабрдийдага ачиниш ўрнига озор берувчига ҳавасланиб қарайди, машиналарнинг тўқнашувини қийқириб чапак чалиб олқишлайди. "Оммавий маданият” деб номланувчи ўта ахлоқсизлик, беҳаёлик, демократия ниқоби остидаги ҳайвоний ҳирс ва нафсий бузуқлик каби иллатлар тасвирланган манзаралар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Англиянинг "Гардиан” газетаси ёзишича, мамлакатда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажрашиб кетади. Францияда ўтказилган сўровларга кўра 48 фоиз ўқувчи қизлар никоҳсиз туғишни мутлақо айб санамаслиги маълум бўлди. Америкалик 12 яшар бола ўз синфдошларига қурол ўқталиб, мактаб маъмуриятига уларни қўйиб юбориш учун талабнома қўйди. Буларнинг бари Европадаги тизгинсиз "оммавий маданият”нинг болалар ҳаётидаги кўринишларидир.
Ташвишланарлиси бу ахборотларнибизнинг болаларимиз ҳам тинглаётгани, интернет, турли дисклар орқали номақбул, фаҳш, зўравонликлар аксэттирилган фильмларни кўраётганидир. Глобаллашув жараёни кечаётган давр ойнасида болаларимиз ахборотларнинг ўзларига керак ё нокераклигини англай олмай қолиши катта маънавий йўқотишларга сабаб бўлади.
Турли ахборот хуружларидан болаларни ҳимоя қилишнинг энг мақбул ва самарали йўли – бу таълим-тарбиянинг энг самарали ва таъсирли усулларидан фойдаланиш, оилада фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмаслик, болаларни ҳар қандай воқеа-ҳодисага тўғри баҳо бера оладиган юксак маънавиятли қилиб вояга етказишдир. Юртбошимиз айтганларидай "Юксак маънавият – енгилмас куч”.
Айни кунда мамлакатимизда бу вазифаларнинг амалий ижроси таъминланиши учун кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. "Соғлом бола йили” Давлат Дастурида ҳам булар ўз аксини топган. Вояга етмаган ёшларнинг кўнгил очар масканларда тунги вақтларда ота-она кузатувисиз бўлишларига қонуний чек қўйилди. Беҳаёлик, зўравонлик ва шавқатсизликни тарғиб этувчи маҳсулотларни тайёрлаш, мамлакатимизга олиб кириш, тарқатиш ва намойиш қилишга чек қўйилмоқда, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар шулар жумласидандир.
"Болаларни, уларнинг маънавий ва жисмоний ривожланишига зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳам бу интилишларга янада куч беради.
Азизим! Замон тезкор, замон шиддатли. Ўғил-қизимизни бу оқимда бемалол суза оладиган ва адашмай манзилига ета оладиган қилиб тарбиялаш эса биз ота-оналарнинг зиммамиздадир.
Мен сўзим бошида энди илк қадам қўйган гўдакни бежиз тасвирламадим. Жон-у жаҳонимиз - фарзандларимизнинг ҳаётга сафари илк қадамидан бошланади. Унинг қай манзилга етмоғи биз уни қай йўлга етаклашимизга боғлиқ. Мамлакатимизда болаларнинг баркамол бўлиб вояга етишлари учун яратилган шароитлар, имкониятлар, ғамхўрликларга бугун бутун дунё ҳавас қилмоқда. Болаларимизнинг булардан баҳраманд бўлмоғи, комил инсон бўлиб вояга етмоғи учун уларни номақбул ахборотлар хуружидан ҳимоя қилишга энг аввало биз - ота-оналар жавобгармиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶