КОНСТИТУЦИЯ – АСОСИЙ ҚОНУНИМИЗ
1993 йил 9 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 12-чақириқ 12-сессиясида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси асосий принциплар, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари, жамият ва шахс, маъмурий-ҳудудий тузилиш, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши, Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби кабиларга бағишланган 6 бўлим, 26 боб ва 120 моддадан иборат. Конституцияга беш маротаба ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган.
Конституцияда энг демократик тамойиллар ва нормалар акс эттирилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги белгиланган. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги кўрсатилган. Шунингдек, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган. Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги ҳам кўрсатиб қўйилган. Ҳар ким эркин фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалиги таснифланган.
Шунингдек, Конституциямизда оила институтига катта аҳамият берилган бўлиб, оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги кўрсатилган.
Умумлаштириб айтганда, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси давлатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий асоси, халқнинг осойишталиги, эркин ҳаёт кечириши ва ривожланиши гарови ҳисобланади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни 9 апрель – Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун билан табриклайман ва келгусидаги ишларингизда муваффақият тилайман.
Қ.АтамураДов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶