ЎҚУВЧИГА ЁДЛАШНИ ЭМАС, ФИКРЛАШНИ ЎРГАТИШ КЕРАК
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни туманимиздаги 30- ва 40-сонли Халқаро тадқиқотларга йўналтирилган таянч мактаблари тренер-ўқитувчилари ва халқ таълими бўлимининг таълим сифати мониторинги мутахассислари ҳамкорлигида 16- ва 76-сонли умумталим мактаби фаоллар залида “Халқаро тадқиқотларга йўналтирилган таянч мактабларнинг уларга бириктирилган мактаблар билан ишлаш механизми” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Семинар-тренингга тумандаги 30- ва 40-сонли Халқаро тадқиқотларга йўналтирилган таянч мактабларига бириктирилган барча умумтаълим мактабларидан тайинланган 2 нафардан, жами 186 нафар тренер-ўқитувчилар иштирок қилишди.
Таянч мактабларга бириктирилган мактаблар билан ишлаш механизми ва уларга белгиланган вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш буйича методик тавсиялар бериш билан биргаликда таянч мактаблари тренер-ўқитувчилари томонидан таълим тизимига Халқаро тадқиқотлар доирасидаги топшириқларни амалда қўллаш бўйича кўникмалар шакллантирилди.
Ўзбекистон 2021 йилдан PISA дастури иштирокчисига айланади. Ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастурда келаси йил Ўзбекистондан 12 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси қатнашади. Шу сабабли, PISA халқаро тадқиқоти топшириқларининг элементларини ўқув жараёнига интеграция қилишга йўналтирилган амалий машғулот ташкил қилиш таълим соҳасининг бугунги кундаги энг долзарб вазифаларидан биридир. Умумтаълим мактабларидан иштирок қилган тренер-ўқитувчилари семинар-тренингдан ўрганган PISA халқаро тадқиқоти топшириқларининг элементларини ўқув жараёнига интеграция қилишга йўналтирилган амалий машғулотларни қўллаш бўйича ўз мактабларида каскад усулда семинар-тренинглар ташкил қиладилар.
Ушбу машғулотлар 7-9-синф ўқувчиларининг эгаллаган билимларини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиш кўникмалари ҳамда компетенцияларини ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унда PISA тадқиқоти саволларини бажаришда ёрдам берилади. PISA тадқиқоти саволларини бажаришда ўқитувчилар ўқувчига ёдлашни эмас, фикрлашни ўргатиши керак. Сабаби, ўқиш саводхонлик дегани, яъни ўқувчининг матнни ўқиш ва тушуниш даражасини баҳолайди. Демак, барча фанларда ўқиш саводхонлиги жуда муҳим.
PISA – 15 ёшли ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар бўйича саводхонлик даражасини баҳолаш учун мўлжалланган тадқиқот бўлиб, 2000 йилдан буён ҳар уч йилда бир марта ўтказиб келинади.
Учта йўналиш бўйича тузилган топшириқлар билан ўқувчиларнинг саводхонлик даражалари аниқланибгина қолмасдан, турли ижтимоий сўровномалар орқали уларнинг таълим олиш шароитлари, муаммо ва ютуқлари ҳам таҳлил қилинади.
Мазкур дастурга асосан “Ёшлар келажак ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган тўсиқларни енгиб ўтишга қай даражада тайёр?”, “Ўқувчилар зиддиятлар сабабларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда ўз фикрларини билдиришга қодирми?”, “Ўқувчилар ўзлаштирган билим ва кўникмаларини реал ҳаётий вазиятларда қай даражада қўллай олиш қобилиятига эга?” каби муаммолар тадқиқ этилади. Шу билан бирга ўқувчиларда ижодий ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришга бағишланган топшириқлар ҳам киритилган.
Бугунги кунда умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг таътил вақтида, асосий онлайн дарслардан бўш вақтларини унумли ўтказиш, халқаро баҳолаш дастурларига тайёргарлик кўриш мақсадида ҳар бир фан ўз йўналишига доир топшириқлар доирасида тўгарак машғулотларини ташкил қилиш зарурати бор. Мактаб раҳбарияти бу заруратни ҳисобга олган ҳолда бу борада ишларни самарали ва тизимли йўлга қўйишлари керак.
Ушбу семинар-тренингда иштирок қилган ҳар бир мактабнинг 2 нафар тренер-ўқитувчилари мактаб раҳбарларига яқиндан ёрдам беради, деган умиддамиз.
Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга оширишда тренер-ўқитувчилар ўқувчиларнинг 3 та йўналиш, яъни, ўқиш, математика ва табиий-илмий саводхонлик ҳамда креатив фикрлашни ривожлантириш, баҳолаш йўналишлари бўйича зарур кўникмаларни барча мактабларга етказади.
Семинар-тренинг иштирокчиларда зўр қизиқиш уйғотди.
Р.ХОЛМУРОДОВ, Р.ЯКУБОВА, туман ХТБ ТСМ инспектор-методистлари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶