Тинчлик – буюк неъмат
Уруш ҳақида сўзлаш мен учун қанчалик оғир бўлмасин, бугунги ўсиб келаётган ёш авлодга тинчликнинг нақадар буюк неъмат эканлигини, уни қадрлаш, асраб-авайлаш зарурлигини, тинчлик ва озодлик учун олиб борилган бешафқат жанг хотираларим мисолида ҳикоя қилишдан асло чарчамайман. Сабаби уруш – ҳаёт билан мамот оралиғидаги даҳшатли олов, жарлик. Мен ёшлигимнинг энг жўшқин даврини ана шу олов ичида ўтказдим. Кўз олдимда ёниб, култепага айланган қишлоқлар, шаҳарлар, бемаврид хазон бўлган 18-20 ёшли қуролдош дўстларим, акаларим, жанг майдонида отамдай бўлиб қолган меҳрибон элдошларим гавдаланади. 69 йилдан бери ана шу жанговар хотиралар билан яшайман. Баъзан ёшлар:
- Рус ерларини фашизмдан озод қилиш учун урушга кирдингизми? – деб сўрашади.
- Йўқ, - дейман уларга, - фашизм – дунёни босиб олишга интилган мўр-малахдай ёвуз куч эди. Биз жангчилар ўз уйимиз, оиламиз, она Ватанимиз ва миллатимиз шаъни, озодлиги учун жон олиб, жон бердик. Фашизм балосидан бутун дунё халқлари озод бўлган кун – Ғалаба наъшидасини бутун дунё халқлари билан бирга байрам қилдик. Бир-биримизни қучоқлаб, қувончдан йиғлаб, Ғалаба онлари билан қутлаётган кезларимизда вайроналар устида чарх уриб учаётган қушларни кўриб ҳайрон қолганмиз. Қаранг, Тинчликнинг қанчалар буюклигини қушлар ҳам биларкан.
Ҳа, азизлар, Тинчлик – энг улуғ ва энг буюк неъматдир. Ана шу буюк бойликнинг қадрига етиб яшаш эса ҳар биримизнинг она Ватан, қолаверса, жўшқин ҳаёт олдидаги бурчимиз. Биз кўрган қирғинбарот урушни фарзандларимиз, истиқлол авлодлари асло кўрмасинлар.
Йўлдош ФАЙЗУЛЛАЕВ,
Иккинчи жаҳон уруши фахрийси.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶