БОЛАЖОНЛАРНИНГ ТИЛИНИ ВА ДИЛИНИ АНГЛАШ ТАРБИЯЧИ МАҲОРАТИГА БОҒЛИҚ
Мен ҳар тонг болаларни хушкайфият билан кутиб олишга ҳаракат қиламан. Икки кун катта, икки кун кичик ва ўрта гуруҳларда машғулотлар олиб бораман. Кичик гуруҳ болалари кўпинча инжиқлик қилиб, ойиларидан ажралишни истамай, йиғлаб қоладилар. Шундай болажонларга шеър айтиб берсам, тинчиб қолишади.
Йиғламагин болажон,
Бурнинг оқади.
Гар йиғласанг болалар,
Сенга боқади.
“Уят-уят”, - дейдилар
Сенга кулишиб,
Шўх-шодон бола бўлгин
Ўйнагин жўшиб.
Бу шеърни қўшиқ қилиб айтсам, ҳар қандай йиғлоқи бола ҳам йиғисини тўхтатиб, гуруҳ ўйинига қўшилиб кетади. Болажонларга нонушта ва тушликдан кейин мазали таомлар учун ошпазга раҳмат айтишни ўргатиш, уларнинг қалбида яхши ишлардан миннатдорлик туйғусини уйғотади.
Раҳмат Сизга, опажон,
Доим бўлинг соғ-омон.
Мазза қилиб едик биз.
Энди ётиб ухлаймиз, - дея раҳмат айтадилар.
Бу ҳам бола қалбида инсонийлик одобини шакллантиради.
Беғубор болалар даврасида меҳнат қилиш, уларга таълим-тарбия бериш, қалбларида ватанпарварлик туйғуларини уйғотиш мақсадида сценарийлар, ҳатто шеърлар ёзаман. Бу менга илҳом бағишлайди:
Атрофимда ўйнашар,
Жажжи, кўзи мунчоқлар.
Дикир-дикир сакрашар,
Гўё чопқир тойчоқлар,
Бир кун ўсиб, албатта,
Элга сарбон бўлади.
Ўзбекистон деган юртга,
Эзгулик ёғилади.
Агар тарбиячи болажон, қалби меҳр-муҳаббатга тўла бўлса, болажонлар унга ҳамиша талпиниб туришади. Тарбиячининг ҳар бир ҳаракатига ҳатто сўзлашларига ҳам тақлид қилишади. Демак, тарбиячи ҳамиша изланишдан, ўқиб-ўрганишдан тўхтамаслиги керак.
Болажонларнинг тилини ва дилини англаш эса тарбиячи маҳоратига боғлиқ. Маҳоратли тарбиячи ҳамма нарсанинг уддасидан чиқади.
Турсуной ЎРОЗБОЕВА, 8-сонли МТМ тарбиячиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶