“ОНА ТИЛИМ - БУЮКЛИКДА ЭНГ БАЛАНД ТОҒСАН!”
1989 йилнинг 21 октябри мамлакатимиз ҳаётида унутилмас сана бўлиб қолди – ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу ўз она юртида ўзга тилда иш юртишга, ҳужжат тўлдиришга ва айрим ҳолларда сўзлашга мажбур бўлиб келган халқимиз учун чинакам қувончли воқеа эди.
Халқимизнинг асрий орзуси ушалган, ўз она тили давлат тили деб эътироф этилган кун 30 йилдирки улкан байрам қилинади.
Сана муносабати билан туманимиздаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Боиси айнан мактабларда ўқувчиларга бошланғич синфлардан бошлаб она тили дарсларини чуқур ўргатиш, тилимизни ҳурмат қилишга, софлигини сақлашга, ардоқлашга ўргатиш жуда муҳим.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 18 октябрь куни 76-сонли умумий ўрта таълим мактабида ҳам “Она тилим – буюкликда энг баланд тоғсан!” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Аввало шуни эътироф этиш керакки, туманимиздаги энг кенжа таълим муассасаларидан бири бўлган ушбу мактаб биноси замонавий услубда қурилган, фан хоналари, тўгараклар учун хоналар ва спорт залига, қисқа қилиб айтганда, ўқувчиларга бугунги кун талаблари даражасида таълим-тарбия бериш учун барча шароитларга эга.
Муассасада 22 та синф ва 550 нафар ўқувчи бор. 58 нафар ўқитувчиларнинг 55 нафари олий тоифага эга. Яъни, ўқувчиларга таълим-тарбия беришда етарли тажриба ва маҳоратга эга. Уларнинг саъй-ҳаракатлари боис мактаб ўтган вақт мобайнида туманимиздаги илғор мактаблар қаторидан жой олди. Ўқувчилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг, шунингдек, “Доно” нашриёти таъсис этган билимдонлик, китобхонлик танловларида, билимлар синовларида Қорақалпоғистон Республикаси босқичларида баҳслашиб, қувонарли ютуқларга эришаяпти.

Мактабда Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида илгари сурган бешта ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида тасвирий санъат, ҳунармандчилик, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган, китобхонликни тарғиб этувчи тадбирлар кутубхонада тез-тез ўтказилади. 5600 та китоб фондига эга кутубхона ўқувчилар хизматида. Мактабнинг икки нафар ўқувчиси Жавоҳир Баҳрамов спортнинг каратэ ,Шоҳжаҳон Маматсолиев эса шахмат тури бўйича Ўзбекистон чемпионати совриндорлари. Мактабда уларнинг ютуқлари акс этган бурчак мавжуд.


Жисмоний тарбия ўқитувчилари Гулширин Исмоилова, Расул Хўжамуродов, Маҳмуд Исмоиловлар барча болалар билан мунтазам шуғулланиб, иқтидорини юксалтиришга ҳаракат қиладилар.
Ўқувчиларга пухта ўқиб-ўрганишга мотивация бериш, мантиқий фикрлаш қобилиятини юксалтириш мақсадида юқори синфлар ўқувчилари орасида “Заковат” интеллекуал ўйини мунтазам ўтказилиб турилади. Бунга рус тили ўқитувчиси Самад Бахтиёров раҳбарлик қилади.

Муассасада турли байрамлар, муҳим саналар муносабати билан тадбирлар ўтказилиб, ўқувчиларнинг ўз қобилиятларини намойиш этишларига алоҳида эътибор берилади.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги ҳам мактабда муносиб нишонланди.
- Болаларга ўзбек тилини ўргатишни 1-синфга келган пайтиданоқ ҳарфларни чиройли ёзишни ўргатишдан бошлаш керак. Мен ўқувчиларимга ўзбек тилидаги ҳарфларни чиройли, тўғри ёзиш – она тилимизга ҳурматимиз бўлади, деб ўргатаман, - дейди мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Нодира Ешмонова.
Байрамона безатилган мактаб мажлислар хонасида бўлиб ўтган тадбир “Она тилим - буюкликда энг баланд тоғсан!”, деб номланган. Муассаса директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфуза Ёқубова тадбирни очди, ўзбек тили миллатимиз қиёфасини белгилаб берувчи восита эканлигини таъкидлаб, қадим аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган бу бебаҳо бойлигимизни қадрлашга, чуқур ўрганишга даъват этди.
Саҳнада ўқувчилар аллома шоирларимизнинг ўзбек тили улуғланган шеърларини ижро этдилар, ибратли сўзларини ифодали ўқидилар.

Мактаб бадиий ҳаваскорлари ижросида куй-қўшиқ, рақслар ижро этилди.
Тадбир ўқувчиларни она тилимизни мукаммал ўрганишга, ҳурмат билан муносабатда бўлишга даъват этди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶