Аскар онаси бўлиш – шараф
Она учун фарзандининг камолини кўришдан улуғроқ бахт йўқ. Менинг икки ўғил, бир қизим бор. Катта ўғлим Нодирбек қурувчи-архитекторлик касбини танлади. Иккинчи ўғлим Ҳакимжон эса ҳозир ҳарбий хизматда, Тошкент шаҳрининг Қибрай туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтамоқда. Худога шукур, юртимизда тинчлик, осойишталик ҳоким. Тонгларимиз осуда. Ана шу осудаликни таъминлашда фидойилик кўрсатаётган миллий Армиямиз сафларида менинг ўғлим ҳам борлигидан фахрланаман.
Ўғлим хизмат қилаётган ҳарбий қисм қўмондонлигидан “фарзандингиз маънавий-маърифий ҳамда жанговар машғулотларда ҳамиша фаол, аълочи” деган мазмунда хат олганимизда, тўғриси, бутун оиламиз билан Ҳакимжон ўғлимизнинг она Ватанига содиқ, жасоратли ва матонатли аскар сифатида танилаётганидан ниҳоятда қувондик. Ҳакимжоннинг ҳарбий хизматдан сўнг шу соҳада ўқиш истагини эса чин дилдан қўллаб-қувватладик. Айни пайтда у олий ҳарбий академиялардан бирида ўқиш учун ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга бўлиш истагида тест синовларини топширмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, фарзандлари муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳамда фарзандлари муддатли ҳарбий хизматга чақирилган оналарни, барча ҳарбийларни, мамлакатимиз мудофаа тизимларида ўз хизмат бурчини ўтаётган юртдошларимизни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан чин дилдан табриклайман. Ватанимиз тинч, сарҳадларимиз дахлсиз бўлсин. Чунки тинчлик бўлгандагина биз оналар хотиржам яшаймиз. Барчага байрам муборак, азиз ҳарбийлар!
Суратда: Хотин-қизлар қўмитасининг “Фаровон“ маҳалласидаги мутахассиси С.Машарипова (ўнгда) аскар онаси Р.Ражабовани байрам билан қутламоқда.
Роза РАЖАБОВА, “Фаровон” маҳалласи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶