“Конституция — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
Амударё қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан “Адолат” СДП туман Кенгаши томонидан “Конституция — мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг муҳим пойдевори” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Давра суҳбатида туман Адлия бўлими бошлиғи М.Матюсупов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати З.Сапарова, коллеж ўқитувчилари ҳамда фаол ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар Конституциямиз қабул қилинган кун халқимиз учун мустақил тараққиёт йўлини белгилаб, миллий давлатчилик, янги сиёсий-ижтимоий тизим барпо этиш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиб берган муҳим саналардан бири эканлигини таъкидладилар. Конституция ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизнинг инсон, унинг ҳуқуқлари, манфаат ва эркинликларини ҳақиқий қадрият деб биладиган мустақил ва суверен давлатга айланишида асосий дастуриламал бўлганлиги, юртимизда юз бераётган сиёсий янгиланишлар, улкан ислоҳотлар амалга оширилишида ушбу ҳужжат муҳим аҳамият касб этаётганлиги тўғрисида айтиб ўтдилар. Юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳити, барча миллат ва элатларнинг аҳил-иноқ, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришида Бош Қомусимизнинг катта ахамиятга эга бўлаётганига кенг тўхталишди. Шунингдек, Конституциямизни чуқур ўрганиш, унда белгиланган қоида ва тамойилларни ҳаётга татбиқ этишда ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши лозимлигини таъкидладилар.
Давра суҳбатида Конституциянинг қабул қилиниши тарихи, Конституцияга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам етарлича маълумот берилди.
Шарофат Эшмуродова, “Адолат” СДП туман
Кенгаши ижрочи котиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶