ҚУЁШ ПОРЛАГАН УЙДА
Тиббиёт илмининг даҳоси, буюк аллома Абу Али ибн Синонинг: “Қуёш кирмаган уйга касаллик киради”, – деган машҳур ҳикмати бор. Яъни, бу биз яшаётган уйимизнинг эшик ва деразаларини тез-тез очиб, унинг ҳавосини тозалаб, янгилаб турмасак, ёруғлик ва қуёш нуридан унумли фойдаланмасак, хонадаги кичик бактериялар жонланиб, кўпаяди ва шу уйда яшовчиларнинг соғлигига таъсир қилади. Агар бу ҳиқматли иборани маънавият қуёши бўлмиш китобга нисбатан қўлласак-чи? Адабиёт, маърифат аҳли ҳамиша китобни офтобга ўхшатишган ва буюк алломанинг сўзларини: “Китоб кирмаган уйга маърифатсизлик, зулмат киради”, деб ифодалашган.
Ҳақиқатдан ҳам, китоб кирмаган, китоб ўқилмайдиган уйда фикрлар саёз, дунёқараш тор, муаммолар кўп ва ечимсиз бўлади. Бундай хонадонларнинг катта-ю кичигида мустақил фикр бўлмайди. Ким қаёққа етакласа, кетаверади, турли маънавий таҳдидларга дучор бўлади. Уларни йўлдан оздириш осон кечади. Сабаби, бундай оилаларда ёруғлик, нур йўқ, қалблар эса қаттиқ бўлади. Аксинча, китоб, газета ва журналларга ошно оилаларда тоза ҳаво, соғлом муҳит ҳукмрон. Китоб оилага нур бўлиб, офтоб бўлиб кириб келади. Қалбларни эритади, кўнгилларга эзгулик уруғини сочади, билимингизни бойитиб, дунёқарашингизни кенгайтиради. Китоб кирган ва ўқилаётган хонадондаги болаларнинг кўнгли оқ, дили пок бўлиб улғаяди, келажакка тийрак нигоҳ билан боқади. Ҳаёт давомида пайдо бўладиган саволларга ақл-заковат билан жавоб топади, вазиятни тўғри баҳолай олади. Китоб оддий тасаввуримизни мўъжизага айлантиради.
Йилдан-йилга юксалиб, чирой очиб, қаддини тиклаб бораётган она Ватанимизга китоб ўқийдиган, соғлом фикрлайдиган, соғлом руҳиятли болалар, ёшлар керак. Шундай экан, азиз тенгдошлар, яхши китоблар доимо ҳамроҳингиз бўлсин, хонадонингиз ҳамиша офтобнинг, дилингиз эса китобнинг заррин нурларидан ёришиб, порлаб турсин.
Нодира Жўллибоева,
ҚДУ академик лицейининг 2-босқич талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶