РАМАЗОН ОЙИ ФАЗИЛАТЛАРИ
Рамазон ойи келганида Пайғамбаримиз (с.а.в) саховатлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам Пайғамбаримиз уммати эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон ойида аввало оиламизга, яқин-қариндошимизга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, қолаверса, кам таъминланган қарияларга имкон қадар моддий ва маънавий ёрдам қилишимиз керак.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) таълим берганларки: «Агар инсонлар рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматлар кўплигини билишса эди, рамазоннинг йил бўйи давом этишини хоҳлаган бўлур эди». Бошқа бир ривоятда Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в.): "Ким бир мусулмоннинг дунё қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ унинг қиёмат кунидаги қайғуларидан бирини кетказади. Ким бу дунёда бир қийналган биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади. Қайси бир банда бир бандага ёрдам қилса, Аллоҳ таоло унга ҳам ёрдам кўрсатади», деганлар. (Термизий ривояти).
Динимиз таълимотлари ҳар вақт инсонларни адолат, меҳр-мурувват, олижаноблик, поклик, яхшилик, дўстликка чорлайди ва бунинг эвазига икки дунёда мукофотлар ваъда қилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилгувчилар (савоби) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дон бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» («Бақара» сураси, 261-оят).
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисида марҳамат қилганлар: «Бева-мискинга ғамхўрлик қилган киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки тоат-ибодат қилиб, кундузи рўза тутувчи киши кабидир». Биз қилаётган эҳсонлар савоблари нақадар катта амал эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Аслида эҳсон қилиш билан мол-мулк камаймайди, аксинча, кўпаяди. Чунки ҳар бир эҳсон Аллоҳ розилиги учун. Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: «Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчаларимизни ушбу муборак ойда эзгу амалларни қилишга муяссар айласин. Аллоҳ таолодан юртимизни ҳамиша обод, халқимиз ўзаро тинч ва иттифоқчиликда яшашини, фаровон бўлишини сўраб, дуойи хайрлар қиламиз.
Ражаббой ҲАБИБУЛЛАЕВ, «Ҳожи эшон бобо» масжиди имоми.
(Фото - http://protoday.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶