ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА
Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони маҳалланинг жойлардаги долзарб масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берди. Шунингдек, мазкур Фармон билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.
Фармон асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ва шаҳарларда таъсис конференциялари ўтказилиши белгиланган эди.
Шу мақсадда яқинда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг таъсис конференцияси бўлиб ўтди. Унда тумандаги мавжуд 47 та фуқаролар йиғинларининг раислари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари қатнашдилар.
Конференцияда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Зуҳра Ибрагимова, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, "Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раисининг ўринбосари Ажиниёз Мнажов иштирок этди.
Конференцияда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимизнинг юқорида қайд этилган Фармонининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди ва маҳалла институтини янада такомиллаштириш, уларни жойларда халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш зарурлиги тўғрисида гапирди.
Йиғилишда дастлаб Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Амударё тумани кенгашини тузиш ва аъзоларини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди. Мазкур Кенгашни тузиш ҳамда 39 кишидан иборат таркибда кенгаш аъзоларини тасдиқлаш таклифи муҳокама қилиниб, бир овоздан маъқулланди.
Сўнгра, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши Намунавий низоми лойиҳаси, Кенгаш ижро аппаратининг ташкилий тузилмаси муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
Конференцияда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашининг раиси лавозимига тасдиқланди. Шунингдек, Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Аширбай Қўшаев, ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Мансур Ўразбаев, диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига Муқаддас Бекназарова, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари лавозимига Рим Ўразбаев, Кенгаш котиби – туман Кенгаши ижро аппаратидаги ташкилий-услубий гуруҳ бош мутахассиси лавозимига Отабек Ибрагимовларнинг номзодлари таклиф қилиниб, бир овоздан тасдиқланди.
Конференцияда шунингдек, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши таъсис Конференциясида иштирок этиш учун ишончли вакил белгиланиб, Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг ташкилий йиғилишига 8 нафар делегатлар сайланди.
Тадбир якунида кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўйлаймизки, янги ташкил этилган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши Юртбошимиз таъбири билан айтганда, маҳалла институтини "адолат тарозиси”га айлантиришдек шарафли ишларда масъулият билан иш олиб боради ва жамият фаровонлиги, юртимиз тараққиётига хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶