ЭЛИМ, ЮРТИМ, ДЕГАН НОМЗОДГА ОВОЗ БЕРАМИЗ
Ҳар қандай даврда ҳам мамлакат тараққиёти шу мамлакат раҳбарининг билими ва салоҳиятига боғлиқ бўлиб келган. Бекорга халқимиз "подшоҳлари билимдон ва одил юрт фаровон ва обод бўлади”, – деган пурмаъно иборани яратмаган.
Менинг ҳаётимнинг асосий қисми мактабда, мактаб таълими билан боғлиқ тарзда ўтди. То нафақага чиққунимча ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс бердим. Халқимизнинг бугунги обод ва фаровон турмуш тарзи кўз ўнгимда бунёд бўлди, десам, ҳеч муболаға қилмаган бўламан. То бугунги дориломон кунларга етгунча халқимиз бошидан не савдолар ўтмади. Собиқ иттифоқнинг қолиплаштирилган сиёсати ҳукм сурган йилларда зах ва томидан чакка ўтиб турадиган синфхоналарда дарс ўтардик. Дарслик китоблар етишмаслиги туфайли тун бўйи янги мавзуларни қўлда кўчириб, эртасига ўқувчиларга тарқатиб чиқардик. Оладиган маошимиз у ойликдан бу ойликкача етмай, қарз кўтариб юрардик.
Лекин халқимиз эртанги кунига ишонарди, ёруғ, тароватли кунлар орзуси билан яшарди. Минг шукурки, ана шундай қутлуғ кун келди. Ўзбекистон мустақилликка эришди. Мамлакатимизнинг билимдон, келажакни кўра оладиган одил раҳбари Ислом Каримов бошчилигида Ўзбекистон дунё миқёсида муносиб ўрин эгаллади. Халқимиз ўзининг одил ва билимдон, халқпарвар йўлбошчиси атрофига мустаҳкам жипслашди. Ана шу жипсликнинг қудрати ила дунё харитасида ўз тараққиёт тамойилларига эга, тез ривожланиб, гуллаб-яшнаб бораётган Ўзбекистон давлати пайдо бўлди.
Мен собиқ мустабид тузум даврининг қийинчиликларига, ўша даврдаги халқ ҳаётида юз берган хўрлик, камситишларга гувоҳ бўлган зиёли сифатида ишонч билан айтаманки, Ўзбекистон халқи бугунгидай дориломон ҳаётни ҳеч қачон кўрган эмас!
Оддийгина мисол, яқин ўтмишда муқаддас қадамжолар тугул, ота-оналаримиз қабрини зиёрат қилишдан, диний эътиқодларимизни эмин-эркин ифода этишдан, булардан ҳам муҳими, сиёсий тадбирларда ўз фуқаролик бурчимизни адо этишдан мосуво эдик. Айниқса, сайловлар масаласида халқ мутлақо четда қоларди. Марказдан белгилаб қўйилган битта номзод учун овоз бериларди, тўғрироғи, "сайлов” ўтказиларди.
Бугунги сайловлар эса мутлақо демократик тарзда ўтказилаётир.
Айни кунда Ўзбекистон халқи энг муҳим сиёсий тадбир арафасида турибди. Мамлакат мустақиллигини янада мустаҳкамлаб, дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айлантиришга қодир, элим, юртим, деган Ватан фидойилари ичидан энг билимдон, адолатпарвар ва тинчликпарвар номзод учун овоз беришга, 4 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жипслик билан иштирок этишга тараддуд кўрмоқдамиз.
Халқимиз мамлакат, келажак авлодларимиз тақдири учун масъул бўлган муносиб номзод учун овоз беришига ишонаман.
Гулсара КАМОЛОВА, фахрий ўқитувчи.
(Фото - ЎзА)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶