ИНСОН МАНФААТИ УСТУВОР БЎЛГАН ЮРТ
Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ эртанги кунга ишонч билан амалга оширилган ислоҳотларимиз, халқимизнинг машаққатли ва фидокорона меҳнати натижаси ўлароқ бугун мамлакатимизни, унинг тараққиётини жаҳон ҳамжамияти тан олмоқда.
Дарҳақиқат, халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани, албатта барчамизни мамнун этди.
Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда "Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, мамлакатларнинг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода этадиган индекс бўйича Ўзбекистон 44-ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.
Ҳеч шубҳасиз, дунё ҳамжамиятида катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотаётган бу кўрсаткичлар, аввало, мамлакатимиз аҳолиси, халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз ёшларининг жаҳон андозалари талаблари асосида билим олишларини кафолатлайдиган "Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий Дастурининг қабул қилиниши келажагимиз эгалари - ёшларга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Юртимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва аҳилликни янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг онги ва қалбини бизга мутлақо ёт бўлган зарарли оқим ва ғоялар таъсирларидан, "оммавий маданият” хуружларидан сақлаш, оилаларда, маҳаллаларда олиб борилаётган тарбиявий ишларни янги босқичга кўтаришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Шунингдек, фарзандларимизни дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган инсонлар қилиб камол топтириш, аввало, қиз боланинг тақдири ҳақида ғамхўрлик қилиш хусусида муҳтарам Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ҳар гал фикр юритганларида: "Ҳеч шубҳасиз, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади. Оила соғлом ва бахтли бўлса, бутун жамият барқарор ва фаровон бўлади”, дея таъкидлар эдилар.
Гувоҳи бўлиб турганимиздек, ғамхўрликларнинг ҳар бирида инсон бахти, унинг эртанги хотиржамлиги кўзланган. Бу бахтдан юртимизнинг ҳар бир фуқароси баҳраманд бўлишлари табиий. Биз – Ўзбекистон фуқаролари буюк давлат тузган ва уни дунёга танитган Юртбошимиз илгари сурган ғояларга қалбимизда юксак садоқат ила мамлакатимизни янада улуғ тараққиёт йўлларига олиб чиқишимиз, Юртбошимиз бошлаган кенг миқёсли ишларни собитқадамлик билан давом эттиришимиз лозим.
Зумрад БЕКАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон "Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси.
(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶