ЎҚИТУВЧИ ЎҚИБ, ЎРГАНИШДАН ТЎХТАМАСЛИГИ КЕРАК
Бизнинг касбимиз шарафли ва айни вақтда ўта масъулиятли ҳамдир. Чунки ўқитувчилар келажак эгаларини тарбиялаб, таълим бериб, вояга етказадилар.
Шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, аввало ўқитувчининг ўзи ҳар куни тинимсиз ўқиб-ўрганиб, билимини бойитиб, салоҳиятини юксалтириб бориши ва болаларга бугунги кун талаби даражасида таълим-тарбия бера олиши жуда муҳим.
"Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг иштирокчиси сифатида эътироф этмоқчиманки, бу йилги танлов аввалги йиллардагидан анча фарқ қилди. Биринчи босқичда ўқитувчининг услубий маҳорати ва бир соатлик очиқ дарси баҳоланди. Иккинчи босқичда инновацион педагогик лойиҳа асосида "Мен ўқитувчиман” шиори остида муҳим услубий муаммоларни ҳал этишга қаратилган тақдимотлар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Шунингдек, кейинги босқичларда "Менинг педагогик тажрибам” мавзусида ҳар бир иштирокчи ўзининг болаларга таълим-тарбия бериш жараёнидаги ўзига хос тажрибаларига оид матн ёзди ва 20 дақиқалик ўз фанига оид тўгарак машғулотини ўтди. "Интернет – ахборот манбаи” деб номланган охирги босқичда иштирокчиларнинг мактаб сайтига жойлаштирилган биринчи, иккинчи босқичдаги ишлари баҳоланди.
Мен мазкур танловнинг туман, Қорақалпоғистон Республикаси босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат миқёсидаги босқичида қатнашиб, гарчи фахрли ўрин ололмаган бўлсам ҳам, таассуротларим чексиз. Аввало шуни айтишим лозимки, мазкур танловнинг якуний босқичида иштирок этган 14 нафар иштирокчиларнинг ҳаммаси тажрибали, ўз касбининг билимдони бўлган илғор ўқитувчилар эдилар. Менда уларнинг ҳар бири ўзига хос таассуротлар қолдирди. Айниқса, Навоий вилояти вакилининг очиқ дарсда халқ оғзаки ижоди намуналарини юксак маҳорат билан доирада ўзи куй чалиб ижро этганини кўриб, жуда ҳавасим келди. Шу аснода ҳали ўзимнинг жуда кўп ўрганиб, ўз устимда ишлашим лозимлигини ҳис қилдим. Биз – она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари зиммасида бугун ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли йигит-қизларни тарбиялаб, вояга етказишдек улкан масъулиятлар борлигини барча ҳамкасбларимга таъкидлагим келади. Чунки илм ўрганиш - аввало она тилимизни ўрганишдан бошланади.
Наргиза МАТЛАТИПОВА,
15-сонли мактаб ўқитувчиси.
(Фото - http://turkistonpress.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶