ЭЛИМ ДЕБ ЭВРИЛГАН ЖОН
Аёлнинг жони қирқта бўлади, деган гап бор халқимизда. Менинг назаримда халқимиз бошидан кечган оғир йилларда элда рўшнолик бўлсин, деб ҳаловат билмай эркаклар билан баравар эл ташвишини елкалаган аёллар учун бу таъриф оздек. Уларнинг бошидан ўтказган машаққатларини, оғир меҳнатларини тўла таърифлаш ҳам мушкул.
Дўрманлик илк ўқитувчилардан бири, Иккинчи жаҳон урушининг захматли йилларида ҳам мактабда ўқиб, ҳам пахтачилик бригадасида табельчи бўлиб ишлаган, болаликнинг завқли ўйин лаҳзаларини тирикчилик ташвишига алмашган ва бир умр элдошларини, уларнинг фарзандларини илму маърифатли қилишдек эзгу ният билан яшаб ўтган Тожигул Юсупова ана шундай мўътабар аёлларнинг бири эди.
У 1926 йилда туғилди. Собиқ Лермонтов номли (ҳозирги 20-сонли) мактабнинг 6-синфида ўқиб юрган беғам, беташвиш кунларида Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Овулнинг ишга яроқли эркаклари Ватан ҳимоясига отланди ва деҳқончилик, пахтачиликнинг, оиланинг бутун ташвишлари аёллар зиммасига тушди. Ҳали мактаб ўқувчиси бўлган Тожигулни зеҳнли, хат-саводли бўлгани учун бригадага табельчи қилиб қўйишди. 7-синфда ўқиб юрган кезларида эса ўқитувчилар етишмаганлиги учун Манғитдаги ўқитувчилар тайёрлаш қисқа курсига юборишди ва уни тугатгач, ўзи ўқиган мактабга ўқитувчи қилиб тайинлашди. Кейинчалик Хивадаги педагогика билим юртида ўқиб, ўз билим ва малакасини оширди. Қиличбойнинг илк аёл муаллималаридан бири бўлган Тожигул Юсупова элдошлари, уларнинг фарзандларини илму маърифатли қилиш учун ҳаловат билмай меҳнат қилди. Кундузлари овул болаларига бошланғич синфларда дарс берса, кечалари кечки саводсизликни тугатиш курсларида катталарга сабоқ берди. У ёруғ кунлар калити илмда эканлигини ҳаммага тушунтиришга, элни саводли қилишга интилди.
Уруш тугагач, ўзи каби мураббий Раҳимбой Отажонов билан турмуш қуриб, 10 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди, оила, фарзанд, мактаб, касби ташвишларини баравар адо этди.
Бугунги кунда Қиличбой элида Тожигул Юсуповадан сабоқ олиб, ҳаётда ўрнимни топдим, дейдиганларнинг сони кўп. Уч нафар ўғли ота-она касбини тутишди. Қолганлари ҳам турли касб-ҳунарнинг эгалари, элда эъзозли инсонлар бўлиб етишдилар.
Тожигул Юсупова 1994 йил 6 майда Юртбошимиз Фармонига кўра, "Шуҳрат” медали билан, 1995 йилда "1941-1945 йиллардаги урушда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги” юбилей медали билан тақдирланган, давлатимизнинг бу эътиборидан, эътирофидан ўзида йўқ севинган эди. Умрининг фароғатли дамларига тинимсиз шукроналар айтиб ўтирган онахон 2009 йилда вафот этди.
Шундан бери орадан йиллар ўтаяпти. Матонатли ва фидойи аёл – тилидан шукрона тушмаган, нолишни билмай ўтган Тожигул Юсупованинг ҳаёт йўли барчага ўрнак бўлгулик эканлигига иқрор бўламан. Шу боисданда мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланаётган ушбу дамларда онахон ҳақида ёзишни ўзимнинг бурчим, деб билдим.
Ойгул РАЖАБОВА, журналист.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶