МУЛКИ ЖАННАТ ЁНИНГДА СЕНИНГ
Оналар кўнглини шод этмоқ ҳам ибодатдир.
(Ҳадисдан)
Дунё кезиб юрган дунёдор ўғил,
Кўзларингни очгил, атрофингга боқ.
Меҳрибон онангга бирров қарагил,
Кўрдингми, сочига оралабди оқ.
Юзида ажинлар қабатма-қабат,
Чўкиб бораётир кун ўтган сайин.
Билсанг, бир сўзингдан топиб фароғат,
Ҳаттоки, яшариб кетмоғи тайин.
Опа-сингилларинг изи қолган йўл,
Хотиранг кўшкидан кетдими ўчиб,
Ахир жигарбандлик водийсида чўл –
Меҳр дайдиб юрар саҳрони кечиб.
Эй ўғил, қадам қўй, ўшал чўл томон,
Қадаминг баҳордан бўлсин бир дарак.
Чўллаган водий ҳам гуллаб шу замон,
Жигар меҳри билан яшасин юрак.
Эй ўғил, зиммангга оғир юк солма,
Ўтли сатрларни шоирларга қўй.
Майли, заргарлардан сийм-у зар олма,
Сен фақат онангнинг меҳрига бир тўй!
Бу қандай мўъжиза, бу қандайин сир,
Руҳи-жонинг аро тенгсиз ҳаловат?
Сени оғушига олгувчи бағир –
Онанг юрагини қучмиш саодат.
"Онажон!” – десанг гар бир бор энтикиб,
Минг бора эврилиб келаверар у.
Қадр-у камолингга умрини тикиб,
Ўзни фидо айлаб ўтаверар у.
Сенинг борлигинг-чун яшайди яшнаб,
Шудир бахти унинг, шудир матлаби.
Пойи қадамингга нурларин тўшаб,
Мангу порлаб турар меҳр офтоби.
О меҳр офтоби! Меҳр уммони!
Ҳар зарра нуридан кўнгил чароғон.
Ўшал уммон асрар балки жаҳонни,
Шул офтоб бор учун миллатлар омон.
Минг тилда жаранглар Она деган сўз,
Ва лекин ҳар дилда бирдай мукаррам.
Шунчалар оддий сўз, энг ҳокисор сўз –
Барча улуғлардан улуғ, муҳтарам.
"Ойдан-да сулув, - деб, - кундан-да сулув”,
Муносиб сўз излар аҳли шуаро.
Васфини тополмай минг битта ёзув –
Сўзлар ғазнасида қалам овора.
Зоти Аёл учун бир сўз кифоя,
"Азизам!”, десанг гар кўнгили осмон.
Дилда муҳаббати топмас ниҳоя,
Ўшал туйғу билан дунё навқирон.
Эй ўғил, кел энди, дунёларни қўй,
Мулки жаннат ахир ёнингда сенинг.
Ул Она, рафиқа, сингил – моҳирўй –
Аллоҳ берган улуғ дунёйинг сенинг!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶