ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – БОШ МАҚСАДИМИЗ
Мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда қўриқлаш хизматининг ҳам алоҳида ўрни бор. Истиқлол йилларида мамлакатимизда замонавий қўриқлаш ва хавфсизлик воситаларини татбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда. Бу борада амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида мазкур хизмат сифат ва самарадорлиги тубдан яхшиланиб, шахсий таркибнинг жанговар ва касб тайёргарлиги мунтазам ошириб борилмоқда.
Қўриқлаш бўлинмалари бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги йирик хизматлардан бири ҳисобланади. Хизмат ўз фаолиятини хўжалик ҳисобида юритади ва корхона, ташкилотлар, фуқароларга кўрсатилаётган қўриқлаш хизмати эвазига тушаётган маблағлар ҳисобидан таъминланади.
Бизнинг туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмамиз ҳам халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритувчи муассаса, корхона ва ташкилотларни қўриқлаб, аҳоли хавфсизлиги ва давлат мулки ҳамда хусусий мулкни ишончли қўриқлаб келмоқда. Бўлинманинг шахсий таркиби 81 нафар ходимдан иборат.
Қўриқлаш хизматини бугунги кун талабларига жавоб берадиган даражага етказиш борасида сўнгги йилларда қатор амалий ишлар қилинди. Жумладан, ушбу хизматга замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда 2013-2016 йилларга мўлжалланган дастур асосида техник қўриқлаш йўналишини ислоҳ қилиш бўйича амалий ишлар қилиниб, қўриқлаш хизматига замонавий технологиялар жорий қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида видео-кузатув мосламалари орқали қўриқлаш, кириб-чиқишни назорат қилиш ва бошқариш қурилмалари орқали инсон ҳаёти ва соғлиги хавфсизлигини таъминлашда янада катта самаралар беради.
Қўриқлаш бўлинмамиз ҳам соҳага оид янгиликларни амалиётга татбиқ қилиш борасида амалий ишлар олиб бормоқда.
Бугунги кунда бўлинмамиз туманимиздаги 30 дан ортиқ объектларга, жумладан, банк муассасалари, иқтисодий соҳа объектлари, маъмурий органлар ва бошқа муассаса, корхона ва ташкилотлар, шунингдек 20 га яқин аҳоли хонадонларига техник қўриқлаш пункти орқали қўриқлаш хизматини кўрсатиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, қўриқлаш хизматининг такомиллашуви, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш давлат, халқ мулкини ишончли қўриқлашда, давлат аҳамиятига молик стратегик объектларнинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлашда ўзининг самарасини беради.
Эргаш САПИЯЗОВ,
туман ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмасининг техник қўриқлаш пункти бошлиғи, сержант.
(Фото - http://uzbekistonovozi.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶