АСАЛАРИЧИЛИК – МУҲИМ ТАРМОҚ
Асаларичилик қишлоқ хўжалигининг ажралмас, муҳим тармоғи бўлиб, асалари оилаларини кўпайтириш нафақат асал, мум, гулчанги ва бошқа асаларичилик маҳсулотларини етиштириш, балки қишлоқ хўжалик ўсимликларини чанглантириб, ҳосилдорлигини ошириш ва мева ҳосили сифатини яхшилаш имконини беради.
Асаларичилик кўп минг йиллик тарихга эга бўлиб, асаларилар дарахтларда ҳамда тоғларнинг қояларидаги кавакларида яшаган. Ҳозирги кунда асаларилар махсус уяларда боқилиб, улар етти хазинанинг бири ҳисобланиб келинмоқда.
Асаларилар фақат икки хил озуқа, яъни ўсимлик гулларидан тўпланган шарбат (асал) ва гулчанги истеъмол қиладилар, ўсимлик гулларидан тўпланган шарбатни қайта ишлаб асалга, гулчангини эса инчаларга жойлаб, устига асал қўйиб, узоқ сақланадиган "перга” деб номланувчи оқсил озуқага айлантирадилар.
Инсоният бор экан, асал маҳсулотига бўлган талаб ва эҳтиёж кундан-кунга ошиб бораверади. Шунинг учун асаларичилик доимо сердаромад тармоқ бўлиб келаётир.
1814 йили украиналик асаларичи Пётр Иванович Прокопович асаларилар ҳаётини ва унинг дарахт ғовакларида мумкатак инчаларининг жойлашиши, мумкатак инчалар тортиши каби хусусиятларини ўрганиб, дунёда биринчи бўлиб ғовакларга майда катакчали рамкалар жойлаштириб, ари оиласи боқиладиган асалари уясини яратди. Бу яратилган асалари уясида асаларилар ёғочдан ясалган рамкаларга мумкатак инчалар тортилганидан кейин ўша рамкаларни ари уясидан суғуриб олиб, ўрнини алмаштириш ёки рамка қўйиш ишларини бажаришни енгиллаштиргач, асалари оиласининг аҳволини аниқлаб, керак ҳолда, ари оиласига ёрдам берган.
1957 йили немис асаларичиси Иоганн Меринг биринчи бўлиб асалари инчаларининг таг қисмининг асоси туширилган мумпарда варақларини яратди.
Мумпарда варақларини рамкаларга ёпиштириб, асалари оилаларига қўйилса, асаларилар мумпардага инчалари деворларини олти қиррали қилиб тортадилар. Бу яратилган янгилик асалариларда ишчи ари - "ингата” мумкатаклар тортишларига замин бўлиб, кўп ишчи арилар етиштирилган.
1865 йили чехословакиялик асаларичи Франц Грушка марказдан қочиш кучи таъсирида мумкатак рамкалардаги асални олиш мосламасини яратди. Унинг яратган ихтироси ёрдамида асалари оилаларидан олинадиган асал миқдори кўпайиб, асалдан бўшаган мумкатак рамкалар яна асал тўплаш учун асалари оилаларига қайтариб қўйиладиган бўлди.
Учала асаларичининг яратган ихтироларини ҳаётга татбиқ этиш орқали асаларилар ўзларининг эҳтиёжларига керагидан ортиқча асал тўплайдиган бўлганлари учун ҳам ўша қўшимча олинган асал маҳсулоти асалари оилаларига қилинган меҳнат ва харажатларни қоплаб, асалариларни нобуд бўлишдан сақлаб қолишга замин яратилди.
Мумкатак рамкали уяларда ари боқиш орқали ари оилаларини парваришлаш, ривожлантириш ва кўпайтиришга дарахт ғовакларида яшаган ари оилаларига нисбатан асаларичининг иш бажариш қобилияти енгиллашади ҳамда асалариларга керакли шароит яратилади. Бундан ташқари, асалари оилаларини бир жойдан иккинчи жойга кўчириб юбориш орқали асал тўплаш даври узаяди. Ваҳоланки, ўсимликларнинг асалбоп шарбат ажратиши доимий бўлмаса ҳам узоқ вақт гуллаб турадиганлари ва бирин-кетин гуллайдиган ўсимликлар ҳаво ҳарорати яхши кунлари ари оилалари ўзларини боқиб, қуртчаларини тарбиялаб, кўп сонли ёш ишчи арилар ҳисобига ҳар битта асосий оиладан ёки иккита асалари оиласидан битта янги ёш оила ташкил қилиш ва янги урчиган она ариларни етиштириш мумкинлиги ҳисобига асаларичилик маҳсулдорлиги ошади.
Шу боис, эрта баҳорда ёш урчиган она ари етиштириб, апрель ойининг охирлари ва май ойининг биринчи ўн кунлигида янги кичик оилалар ташкил этиб, асаларичиликни ривожлантириш даромад ошишига замин яратади.
Асаларичиликнинг асосий маҳсулоти бўлган асалдан ташқари янги ёш оила етиштириш ҳамда гул чанги, она ари сути, прополис ҳамда асалари заҳарини тўплаш орқали албатта, асаларичиликдан катта даромад олса бўлади.
Тлубой АҚМАНОВ,
Қипчоқ ўрмон хўжалиги шахсий асаларичилик ёрдамчи хўжалиги мутахассис-ишчиси.
(Фото - http://agrar.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶