БОЛАЛАРГА ҒАМХЎРЛИК – КЕЛАЖАККА ҒАМХЎРЛИКДИР
Халқимиз ўзаро меҳр-оқибат, дўст-биродарлик, бағрикенглик каби хислатларни азал-азалдан жуда қадрлаб келган. Шубҳасиз, бу хислатлар ҳар биримизга илк бор оналаримиз алласи орқали сингдирилади. Ўз-ўзидан равшанки, дунёга келган гўдакнинг келгусида қандай инсон бўлиб вояга етиши кўп жиҳатдан унинг илк мураббийси – оналарга боғлиқ.
Шу боисдан-да бизнинг мамлакатимизда аёлларнинг соғлом фикрли, жамият ҳаётида фаол бўлишига алоҳида эътибор берилади. Уларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуққа эгалиги Асосий Қонунимиз – Конституциямизда ҳам белгилаб қўйилган.
Шунингдек, муносиб меҳнат шароитларида ишлашларига, турмуши сифатини яхшилашга ҳам улкан эътибор қаратилмоқда, жамият ҳаётида фаол иштирок этиши билан бирга фарзандларини ақлли, одобли, ҳам жисмонан, ҳам маънан етук, юртимизга муносиб фарзандлар қилиб камолга етказишларига ғамхўрлик қилинмоқда. "Она тўғрисида, унинг фарзанди тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг муқаддас бурчидир”, деган эди Юртбошимиз бу ҳақда.
Яқинлашиб келаётган янги йилимизнинг муҳтарам Юртбошимиз томонидан "Соғлом она ва бола йили” дея номланиши халқимизнинг, ҳукуматимизнинг аёлларга, оналарнинг соғлом фарзандларни дунёга келтиришларига яна бир ғамхўрлиги ифодаси бўлди, десам адашмайман. Чунки соғлом оналаргина соғлом фарзандларни дунёга келтира оладилар, фарзанд тарбиясидай машаққатли ва эзгу ишни уддалай оладилар.
Мана, неча йилларки, ҳар бир йилга ўзига хос номлар берилиб, шу асосда кўзланган мақсадларга эътибор кучайтирилиб, давлат Дастурлари қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Шу маънода яқинлашиб келаётган янги йилимизнинг "Соғлом она ва бола йили” дея номлангани мени жуда севинтирди. Шубҳасиз, шу муносабат билан қабул қилинадиган давлат Дастури биз ўқитувчиларнинг ҳам зиммамизга улкан вазифаларни юклайди.
Соғлом она ва бола ҳақида ғамхўрлик – эртанги кунимиз ҳақида ғамхўрлик демакдир. Бунингдек хайрли ва шарафли ишга ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
Шерзод МАДРИМОВ,
Амударё академик лицейи ўқитувчиси.
(Фото - http://uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶