“БИР НУРОНИЙ – ЎН ЁШГА МАСЪУЛ” ТАМОЙИЛИ АСОСИДА ФАОЛИЯТ ОЛИБ БОРАЁТГАН НУРОНИЙЛАР ЎРТАСИДА КЎРИК-ТАНЛОВ ЎТКАЗИЛДИ
Амударё туманида “Бир нуроний – ўн ёшга масъул" тамойили асосида ўзларига бириктирилган 10 нафар тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларга яқиндан ёрдам бериб келаётган нуронийлар ўртасида шу номдаги кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси бошлиғи Турсунбой Абдужаббаров, Амударё тумани ҳокимининг Оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосари Гўзал Собуровалар иштирок этиб, танлов аввалида йиғилганларга Президентимиз томонидан ёшларга берилаётган эътибор ҳамда ёшлар тарбиясига масъулият билан ёндашаётган фаол нуронийлар томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилаётган ибратли ишлар тўғрисида маълумотлар бердилар.
Мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг янгича бошқарув механизмларини жорий этиш, улар билан ишлашнинг вертикал тизимини яратиш, ёшлар муаммоларининг бевосита маҳаллаларда ҳал этилиши, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида маҳаллаларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида уюшмаган ёшлар билан ишлашишнинг янгича тизими яратилиши бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Албатта, бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари ҳар бир маҳаллада раҳбарликка олиниб, ушбу Қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган режали саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилгани ўзининг ижобий самарасини берди.
Кекса авлод вакилларининг ёшлар билан самимий мулоқотлари, улар ҳаётига доир муаммоларни ижобий ҳал этиш борасидаги қимматли маслаҳат ва тажрибалари боис, кўплаб тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож ёшларнинг ҳаёти яхши ва ижобий томонга ўзгариб, халқнинг маҳалла институтига бўлган ишончи янада ортди. Чунки маънавий кўмакка муҳтож ёшлар билан ишлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялашга, нуронийларнинг ёшлар ўртасида миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш борасидаги фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган маънавий-маърифий чора-тадбирлар, муаммоли ёшлар билан нуронийларнинг яккама-якка суҳбатлари туфайли ҳар бир овул ва маҳаллада ўнлаб ёшлар ўз ҳаётларини тўғри йўлга солиб олдилар ҳамда зарур касб-кор эгалари бўлдилар.
Амударё туманида ҳам “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили асосида фуқаролар йиғинларида юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, обрў-эътиборли, юқори ҳаётий тажрибага эга бўлган фаол нуронийлар ва фахрийларга ҳудудлар бўйлаб 10 нафардан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшлар бириктириб берилган.
Ҳар бири ўн нафар ёшга масъул бўлган фаол нуронийлар иштирокидаги кўрик-танлов уч шарт бўйича ўтказилди. Нуронийлар ўзларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш жараёнлари, уларни иш билан таъминлаш, бирор бир касбни эгаллаши учун касбга ўқитиш, давлат томонидан йўналтирилган субсидия маблағларини жалб қилиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, оилавий ажрашиш ва низоларнинг олдини олиш бўйича амалга ошираётган ишлари ҳақидаги фотоальбомлари билан қатнашдилар.
Кўрик-танлов якунига кўра, Бўз солма МФЙнинг фаол нуронийси Саломат Мадаминова 124 балл билан 1-ўринни, Дурунки МФЙ фаол нуронийси Амангул Каюпова 113 балл 2-ўринни, Тўлқин овуллик фаол нуроний Раҳима Худойберганова эса 112 балл билан фахрли 3-ўринни эгаллашди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси “Нуроний” жамғармаси бўлими томонидан пул мукофотлари ва диплом билан тақдирландилар.
Кўрик-танловда фаол иштирок этган барча нуронийларга Амударё тумани “Нуроний” жамғармаси бўлими томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶