Сиз навбатда туриш қоидаларига амал қиласизми?
Жамоат жойларида кишиларнинг муомаласи ва хатти-ҳаракатлари ўша инсоннинг йиллар давомида шаклланган тарбиясини кўрсатади. Айнан одамзодга хос бўлган тарбия ва маданият уни бошқа махлуқотлардан ажратиб туради. Сиз ҳаётингиз давомида тартиб билан овқатланадиган ёки ётадиган ўрнини тоза сақлайдиган, навбатда туришни биладиган бирор бир ҳайвонни кўрганмисиз? Тўғри, соғлом инсон учун булар ҳақида ўйлашнинг ўзи кулгили. Аммо шахсан ўзим ҳаётим давомида давлат идоралари ва жамоат жойларида ўзини, шунингдек, атрофдаги инсонларни ҳурмат қилишни билмайдиган ибтидоий характердаги кимсаларни кузатиб, ҳайрон қолганман. Улар муомала маданияти ва навбатда туриш одобидан шу даражада йироқки, бундай тоифадаги кимсаларнинг инсон эканлигига ишониш қийин.
Асосан банк пластик карталарига ойлик иш ҳақлари ва нафақалар тушадиган пайтларда банкоматлардаги тартибсизликларни кўриб, ёқа ушлаймиз. Биров эрталаб келиб навбат олиб кетганини даъво қилса, бошқа биров зарур ишлари сабаб вақти зиқлигини рўкач қилади. Улар учун ёнидаги инсонларнинг манфаатлари сариқ чақага арзимайди. Яна етмаганидай, бу иши билан ўзини чаққон, уддабурон билиб, навбатда туриш одобига амал қилувчиларни содда, гўл санайди. Бундан ташқари нафақадагилар ҳам ёшини пеш қилиб, тартибсизликка сабаб бўлишади. Бугун ўсиб келаётган ёш авлод кимдан ўрнак олиши керак? Бундай вазиятларда ҳатто навбат сўрашга ҳам қўрқади одам. Бундан ташқари, банкомат жойлашган ўринларнинг истеъмолчилар томонидан ахлатхонага айлантирилганлиги дилимизни хуфтон қилади. Биз кундалик турмушимизда оддий қоидаларга амал қилолмас эканмиз, ўзимизни жаҳон тамаддунига асос солган шахсларга ворис санашга ҳаққимиз борми?
Инсон борки, умри давомида соғлом яшашни истайди. Аммо иссиқ жон, касаллик сабаб тиббиёт ходимларига мурожаат қилишга мажбурмиз. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасига борар эканмиз, йўлаклардаги тиғиз гавжумликни кўриб, дунёдаги ҳамма беморлар шу ерга йиғилгандай туюлади. Ёз кунларида навбатда туришдан ортиқ бош оғриқ бўлмаса керак. Биров ўриндиқда ўтирган, бошқа биров навбати ўтиб кетмаслиги учун эшик олдида соқчидай туриб олган, яна кимдир бошқа ўринда тик оёқда навбатини кутяпти. Шу пайт “фақат ўзим бўлай”лардан бири беҳурматлик билан шифокор қабулига киришга уринади. Баҳона ҳам тайёр, дарров кириб-чиқади ёки қўлидаги бирор қоғозга имзо қўйдирса бас. Кутишдан чарчаганлар эса, оломон кайфиятида навбат талашишни бошлайди. Ҳурмат унутилган, уят-андишадан эса асар ҳам қолмаган. Биров уялмай эмизикли боласи кутиб қолганлигини, бошқа аёл эса “юкли” эканлигини баҳона қилса, қайсидир “жаноб” ўзининг муҳим ишлари кечга қолётганини айтиб чарчамайди. Бундай вазиятга поликлиникаларда тартиб сақлаш учун зарур шароитларнинг мавжуд эмаслиги ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аммо айб аввало ўзимизда, яъни шахсий тарбиямиз саёзлигида, десак адашмаган бўламиз.
Банкларда хизматлардан фойдаланиш жараёнидаги навбатсизликлар ҳам кўзимиз ўрганиб кетган хунук ҳолатга айланган эди. Ҳамманинг дарди битта: нима қилиб бўлса ҳам ишимни тезроқ тугатсам. Банк ходими эса, имкон қадар мижозларнинг мурожаатларини ҳал қилиш билан оввора. Яхшиям, бугунги кунда туманимиздаги банкларда хизматлардан фойдаланиш учун автоматик навбат олиш тартиби жорий қилиниши мазкур муаммога бироз ечим бўлди.
Мулоҳазамизни гўшт доконлардаги ҳолат билан давом эттирсак. Карвон кўп бўлгани билан ризқи бўлак, дейилиши ҳақиқатга яқин. Бозор ҳудудида гўшт дўконлари етарлича бўлишига қарамай, айрим дўконларда гоҳида турнақатор навбатлар кузатилади. Эркаклар ва аёллар алоҳида-алоҳида навбат олишган. Қайси томонда одам кам бўлса, ўша тарафнинг куни туққан. Лекин баҳсларда ҳамиша аёллар ғолиб. Улар билан гап талишиш эркакларга хос эмас. Навбатнинг эркаклар қаторида одам кам экан. Навбатим яқин қолди. Шу пайт аёллар сендан олдин келганман, деб орага суқилишни бошлади. Навбатга эгалик қилиш учун айтилмаган гап ва сабаб қолмайди. Назаримда, бизнинг жамиятда эркак ва аёл ўртасидаги мулоқот одобига дарз кетган. Навбатсиз гўшт харид қилишда эркаклар ҳам анча уддабурон. Таниш-билишликдан фойдаланиб, орқа эшикдан савдо қиладиганларга эса инсоф берсин.
Биз баён қилган ушу мулоҳазаларда маиший турмушимизда кузатилаётган муаммо ва камчиликларнинг айримларинигина ифодалашга ҳаракат қилдик. Буларни ҳал қилиб, тартибга солиш ўзимизга боғлиқ. Тарбия ва маданият одамларга хос фазилат. Агар ўзингизни ҳайвоний хусусиятларга мос, деб ўйласангиз навбатбузарликлар ва ҳурматсизликка сабабчи бўлинг! Лекин, бугун қилган номақбул амалларингиз кун келиб фарзандларингиз ҳаётида такрорланишини унутманг. Зеро, олманнинг тагига фақат олма тушади. Журналист эса одамлар орасида жамиятни кузатишда давом этади.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶