Жамоат ишлари аҳоли бандлигини, шаҳримиз ва кўчаларимиз озодалигини таъминлашга хизмат қилаяпти
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш ва шу каби бошқа ислоҳотлар натижасида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу ўз навбатида ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли, авваламбор ёшлар бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.
Маълумки, 2017 йил 24 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва шу йилнинг 12 сентябрь санасида “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилиниб, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарган эди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ишсиз аҳолини босқичма-босқич жамоат ишларига жалб этиш режаси тасдиқланди.
Ушбу қонунчилик ҳужжатлари ижроси натижасида қишлоқ ва олис туманлардаги банд бўлмаган фуқароларни овул ва маҳаллаларни ободонлаштириш, ариқларни тозалаш, йўллар ва кўчаларни таъмирлаш ва шу каби бошқа ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш орқали аҳоли бандлиги таъминланиб, оилаларга қўшимча даромад манбалари яратилмоқда.
Амударё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида жами 1752 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилган. Бўлим томонидан 1453 нафар фуқарога доимий ишлаш учун, 241 нафар фуқарога эса жамоатчилик асосида ишлаш учун йўлланмалар берилган. Бугунги кунда жамоат ишларига жалб қилинган фуқароларнинг 126 нафари иш юритувчи, 112 нафари эса ободонлаштириш ходими вазифасида фаолият юритмоқда. Уларнинг иш ҳақлари белгиланган тартибда Жамоат ишлари жамғармаси томонидан тўлаб келинмоқда.
Амалдаги тартибга кўра, вақтинча ишсиз фуқаролар жамоат ишларига жалб этилганда бажарган иши учун расман маош олишади. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига бюджет ташкилотлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан жалб қилинган ишсиз ва банд бўлмаган шахсларга иш ҳақининг 100 фоизи, бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, нодавлат ташкилотлари томонидан жалб қилинган шахсларга эса иш ҳақи 50 фоизи Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Шуни таъкидлаш лозимки, жамоат ишлари – ташкилотлар, хўжаликлар ва муассасаларда юқори малака талаб қилмайдиган ва мавсумий, вақтинчалик, ҳақ тўланадиган ишлар ҳисобланади. Жамоат ишлари мавсумий, ҳудудий ёки аҳолининг алоҳида тоифаларини қамраб олган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ташкил этилади. Жамоат ишлари аксарият ҳолларда вақт жиҳатидан қисқа давом этиб, алоҳида ихтисосликни талаб қилмайди.
Иш билан таъминланмаган ва жамоат ишларида меҳнат қилиш истагидаги фуқаролар иш сўраб Амударё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига мурожаат этишлари мумкин. Бўлим томонидан доимий ташкил қилиб келинаётган бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб келмоқда.
Шаҳримиз ва кўчаларимиз озодалиги йўлида меҳнат қилаётган ютдошларимизга қуч-қувват тилаймиз. Уларнинг оғир меҳнатлари сабаб атроф-муҳит обод ва табиатимиз кўркам қиёфа касб этаяпти.
Шоҳзод Қурбонбоев

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶