Сайхунобод тажрибасини жорий этиш мавзусида семинарлар ўтказилмоқда
Маълумки, жорий йил 14 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сайхунобод тумани бўлиб, туманнинг “Иттифоқ” маҳалласидаги томорқа ва уй хўжаликлари билан яқиндан танишган эди. Вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари Сайхунободда йўлга қўйилиши режалаштирилаётган янги тажрибани бутун республика бўйлаб жорий қилиш ҳақида кўрсатма берди.
“Сайхунобод тажрибаси” номи билан бутун мамлакат бўйлаб маҳаллаларда жорий қилинаётган ушбу тизим аҳолининг бандлигини таъминлаш, томорқадан унумли фойдаланиш, натижада оилалар давромадини ошириш ва мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшишдаги муҳим аҳамият касб этади.
Амударё туманида ҳам ушбу ташаббус кенг қулоч ёзмоқда. Туман ҳокими Собир Хўжаметов овул ва маҳаллаларда бўлиб, масъуллар иштирокида семинарлар ўтказмоқда. Семинарларда Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббусининг аҳамияти, уни амалга ошириш механизмлари ҳақида кенг турда тушунчалар берилмоқда. Яқинда туманнинг Тўлқин ва Чойкўл овулларида ҳам шу мавзуда семинарлар ташкил қилинди.
Айтиш жоизки, Сайхунобод тажрибасига асосан эндиликда ҳар бир маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси “1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад” деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Бу тизим ердан янада самарали фойдаланиш, деҳқонлар учун бозор топишга кўмаклашиш, тадбиркорларни сифатли уруғ ва дори воситалари билан таъминлаш, тадбиркорларнинг экспортига амалий ёрдам бериш, ер муносабатларини шакллантириш каби муҳим ислоҳотларни ўз ичига олади.
Семинар иштирокчилари аввало Тўлқин овул фуқаролар йиғини маъмурий биносида бўлиб, бинода мавжуд имкониятлар, ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан яққиндан танишдилар. 2 қаватли бинода “Еттилик” аъзолари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, фуқароларни қабул қилиш, мажлислар ўтказиш хоналари мавжуд.
Семинарлар бевосита аҳоли томорқаларида давом эттирилиб, унда фуқаролар йиғини раислари ва бошқа масъуллар иштирок этди. Масъуллар алоҳида қайд этиб ўтганидек, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, оилавий фаровонликни ошириш ва иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Бу аҳолининг ўзига етарли ва сифатли озиқ-овқат билан таъминланишини кафолатлайди ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди.
Мамлакатимизда томорқа хўжаликлари, айниқса қишлоқ жойларда, кўпчилик оилаларнинг асосий даромад манбаи ҳисобланади. Томорқадан самарали фойдаланиш орқали оилалар нафақат ўзларини, балки маҳаллий бозорларни ҳам турли хил сабзавот ва мевалар билан таъминлаш имкониятига эга бўладилар. Бу эса маҳаллий иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатиб, иш билан бандликни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, томорқа хўжаликлари маҳаллий иқлим ва экологик шароитларга мослашган экинларни етиштиришга имкон беради, бу эса биологик хилма-хилликни сақлаш ва маҳаллий флора ва фаунанинг бойлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Шу сабабли ҳам мамлакатимизда томорқа хўжаликларини ривожлантириш учун давлат томонидан турли дастурларлар жорий қилиниб, томорқачиларга кенг имтиёзлар тақдим этилмоқда. Масалан, Президентимизнинг 2024 йил 5 мартдаги қарорига биноан, аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва томорқа хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар кўзда тутилган. Бу каби чора-тадбирлар, томорқа хўжаликларининг самарадорлигини ошириш ва уларни замонавий технологиялар билан жиҳозлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Семинарда қайд этилганидек, Сайхунобод тажрибасини Амударёнинг ҳар бир овул ва маҳалласида, ҳар бир кўчасида жорий қилиш келгусида томорқа хўжаликларини янада рентабел қилиш ва уларнинг маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради.
Семинар туманнинг Чойкўл овулидаги кўчаларда ҳам давом этди. Иштирокчилар Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмасининг туман бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев бошчилигида аҳоли хонадонларига кириб, томорқадан унумли фойдаланиш ҳолати билан яқиндан танишдилар.
Маълумки, қишлоқ жойларида томорқадан унумли фойдаланишнинг иқтисодий ва ижтимоий аҳамияти ниҳоятда улкан. Оилалар ўзларининг томорқаларидан оладиган даромадлари эвазига фаровон ҳаёт кечиради, фарзандларининг таълим олиши, ўз саломатликларини сақлаш, яшаш шароитларини яхшилаш имкониятига эга бўладилар. Бу эса давлат ва жамиятнинг умумий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда келажак авлодлар учун янада яхшироқ шароитлар яратишга ёрдам беради.
Семинар иштирокчилари овулдаги илғор томорқачиларнинг тажрибаларидан фойдаланиб, туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам ердан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш бўйича билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамладилар.
Президентримиз бир неча бора эътироф этганларидек, қишлоқ жойларида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолини иш билан таъминлашда томорқа хўжалигининг аҳамияти жуда катта. Томорқа хўжалиги, айниқса кичик ҳажмдаги ер майдонларидан самарали фойдаланиш орқали оилавий даромад манбаини кенгайтириш ва ишсизликни камайтиришда муҳим рол ўйнайди.
Ушбу тармоқни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида кредитлар ажратиш механизмини соддалаштириш, аҳолининг бандлигини ошириш, даромад манбаини кенгайтириш ва меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Янгидан жорий қилинаётган Сайхунобод тажрибаси эса томорқа хўжалиги орқали оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳсулотларни қайта ишлаш, маҳаллий бозорларга чиқариш ва экспорт қилиш имкониятларини янада кенгайтиришга имкон яратади. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш ва аҳолининг турмуш даражасини янада оширишга хизмат қилади.
Амударё туманининг барча овул ва маҳаллаларида бўлгани каби, Чойкўл овулида ҳам миришкор деҳқонлар, намунали томорқачилар талайгина. Семинар иштирокчилари ана шундай илғор ва ишбилармон томорқачиларнинг хонадонларида бўлиб, ердан нақадар унумли фойдаланаётганига гувоҳ бўлдилар.
Бугун Чойкўл овулининг ҳар бир кўчасида, ҳар бир томорқасида деҳқончилик ишлари қизиган палла. Чойкўлликларнинг бу миришкорликлари нафақат ички бозор учун экологик тоза маҳсулотлар етиштириш, балки аҳолининг соғлом овқатланиш маданиятини шакллантириш ва аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Энг муҳими, томорқа хўжалигининг ривожланиши, нафақат иқтисодий, балки жуда катта ижтимоий аҳамиятга ҳам эга. Томорқадаги меҳнат оила аъзоларининг биргаликда ишлаши учун замин ҳозирлаб, оилавий меҳнат маданиятини шакллантириши ва авлодлараро билим ҳамда тажриба алмашишга имкон яратади.
Семинар сўнгида иштирокчилар Чойкўл овул фуқаролар йиғини маъмурий биносида бўлиб, “Маҳалла еттилиги”нинг иш жараёни билан яқиндан танишдилар.
“Маҳалла еттилиги” тизими маҳалланинг асосий бирлиги сифатида аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган муҳим вазифаларни бажаришга масъулдир. Ушбу тизим, маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишда катта роль ўйнайди. Иштирокчилар овул фуқаролар йиғини биносида “Еттилик” аъзоларининг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида катта ютуқларга эришилаётганига гувоҳ бўлдилар.
Сайхунобод тажрибасини жорий этиш мавзусидаги семинарлар туманнинг бошқа овул ва маҳаллаларида ҳам давом эттирилади.
Ғ.Ешниёзов

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶