КОНСТИТУЦИЯ – ҲУҚУҚЛАРИМИЗ КАФОЛАТИ
Конституция – мамлакат фуқароларининг ҳар бирининг тақдирига доимий боғлиқ ҳужжатдир. Жорий йилда янгиланган Конституциямизда ҳам давлатимизнинг олий мақсадлари, куч-қудрати, давлат ва фуқаро ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар тақсимоти, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати ҳамда одил судловга эришиш даражалари белгиланиб, мустаҳкамланди.
Юртимизда шу йил 30 апрель куни улкан сиёсий тадбир – умумхалқ Референдуми бўлиб ўтди. Маълумки, 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси Референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Мен ҳам бу йил биринчи марта ушбу Референдумда – мамлакатимиз келажагини белгилашдек муҳим жараёнда ўз овозим билан қатнашиш имкониятига эга бўлдим ва жамият ҳаётидаги сиёсий тадбирда тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида қатнашганимдан фахрландим.
Янгиланган Конституциянинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номлангани, Янги Ўзбекистонда биз ёшларга берилаётган имкониятлар Конституциядан ўрин олгани барча ёшлар қатори мени ҳам жуда руҳлантирди. Ушбу бобдаги 78-модда билан болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича махсус норма киритилган. Ундан ташқари, 79-модданинг 1-қисмида “Давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради...”, дейилган.
Ушбу моддага кўра, энди ёшлар ўз ҳуқуқларини амалга оширишда давлатга суянишлари мумкин. Чунки, ёшлар ҳуқуқлари ҳимояси давлатнинг Асосий Қонунида мустаҳкамланган. Мазкур модданинг 2-қисмига кўра эса илк бор давлат ёшларнинг таълим олишга, соғлигини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шароит яратиши конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган. Янгидан киритилган 50-моддада эса таълим соҳасини ривожлантиришга оид нормалар белгиланган.
Мазкур нормаларнинг Конституциямизда акс эттирилгани ва киритилган бошқа ўзгаришлар ёшларнинг юрт келажагига муносиб инсонлар бўлиб камолга етишига мустаҳкам ҳуқуқий замин яратади. Биз ёшлар учун ҳам манфаатли бўлган моддалар билан тўлдирилган Конституциямиз билан жуда фахрланамиз.
Мен ҳам Қомусимизда белгиланган ҳуқуқларимдан, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлардан фойдаланиб, бор куч-ғайратимни билим олишга сарфладим. Жорий йилда энг катта мақсадимга, яъни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси курсанти бўлишга эришдим ҳамда Ватанимга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилдим. Эндиликда олийгоҳдаги устозларимдан таълим олиб, ўз касбимнинг етук эгаси бўлиб етишиб, юртим осойишталиги йўлида садоқат билан хизмат қиламан ва унинг тараққиёти, ривожи учун муносиб ҳисса қўшаман.
Раъно Мақсудова,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
Академияси 1-босқич курсанти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶