ТЕХНИКАЛАР КЕЛГУСИ МАВСУМГА ПУХТА ТАЪМИРЛАНМОҚДА
Деҳқон учун йилнинг барча фаслида ҳам долзарб юмушлар бор. Асосий қишлоқ хўжалик экини – пахта йиғим-терими тугаши билан ерларни шудгорлаш, далалар четларини ёввойи ўтлардан тозалаш, сув йўлларини тайёрлаш каби ишлар билан бир қаторда техникаларни таъмирлашга ҳам киришилади.
Халқимиз “Техника – деҳқоннинг қўл-қаноти” деб бежизга айтмаган. Қишлоқ хўжалиги техникаларини қишда кўкламга экишга пухта тайёрлаш янги мавсум ишларининг ўз вақтида ва самарали адо этилишига замин бўлади.
Шу боисдан айни кунларда Амударё туманида ҳам келгуси йилги мавсум давомида ишлатиладиган техникалар сифатли таъмирланиб, мавсумга шай қилинмоқда. Мавжуд қишлоқ хўжалиги техникалари 18та устахоналарга йиғилиб, таъмирланаётир.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Амударё туман бўлими масъул ходимлари тумандаги қишлоқ хўжалик техникаларининг белгиланган устахоналарга йиғилиши, таъмирлаш ишларининг бориши билан танишиб чиқмоқдалар.
Ўрганишлар давомида Бобур номли овулда фаолият юритаётган “Ҳайтаков Улуғбек” фермер хўжалигида лазерли текислагич ёрдамида экиндан бўшаган ерларнинг текисланиши кўздан кечирилди. Мазкур хўжаликнинг 37 гектар пахта экилган майдони лазерли текислагич ёрдамида текисланиб, баҳорги суғоришга тайёрланмоқда. Бу мазкур майдонларда келгуси йилда экилган қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш имконини беради. Боиси, лазерли текислагич ёрдамида ер сифатли текисланиб, ернинг қониб сув ичишига, экилган уруғнинг бир текис униб чиқишига имкон яратилади.
Масъуллар туманнинг Оқ олтин овулида келгуси йил кўкламида экиш ишларида қатнашадиган техникаларнинг таъмирланишини ҳам кўздан кечирдилар.
Мазкур муқобил машина трактор парки устахонасига 9 дона чигит экиш сеялкаси, 15 дона культиватор, 130 дона тишли тирма, 14 дона темир мола йиғилиб, келгуси мавсум ишларида сифатли ишлаши учун таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Қиш фасли – иш фасли. Ушбу фаслда техникалар устахоналарга йиғилиб, сифатли таъмирланса, кўкламда иш суръати юқори бўлади.
Шуни ҳисобга олган ҳолда барча техникаларни устахоналарга йиғиш ва сифатли таъмирдан чиқариш учун ҳаракат бошлаб юборилган.
Айтиш жоизки, келгуси йил кўкламги экиш мавсумида ва ғўза тарбиясида ишлатиладиган 150та сеялка, 350та культиватор, 1700 дона тишли бороналар, 295 дона темир мола 18та нуқтада таъмирланиши белгиланган.
Таъмирлаш ишларининг бориши ва барча техникаларнинг белгиланган устахоналарга йиғналиши Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими томонидан мунтазам назорат қилиб борилади. Боиси, қишлоқ хўжалиги экинларини экишдан тортиб, ҳосилини йиғиштириб олишгача бўлган жараёнларни техникалар ёрдамисиз тасаввур этиш қийин.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶