Кузги шудгорлаш — келгуси мўл ҳосилнинг пойдевори
Амударё туманининг Оқ олтин овулида жойлашган “Якубова Гавҳар” фермер хўжалигида қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муҳим саналган кузги шудгорлаш бўйича кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов, Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Анвар Жуманазаров, Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев, жанубий туманлар ҳокимлари, республика миқёсидаги мутасаддилар, илғор фермерлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов очиб берар экан, жорий йилги пахта ҳосилини ортиғи билан бажаришда жонбозлик кўрсатган барча меҳнаткаш деҳқон ва фермерларга самимий миннатдорчилик билдирди. У ўз нутқида ер — бу бебаҳо неъмат эканлигини, уни ўз вақтида шудгорлаб, экиб, тўғри парвариш қилинса, ҳосилдорлик юқори бўлишини алоҳида таъкидлади. Фарҳод Эрмонов кузги шудгорлаш жараёнларини сифатли ташкил этиш, ерларни баҳорги экинларга тайёрлаш, сув ва техник ресурслардан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ошириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Тешаев сўзга чиқиб, кузги шудгорлаш ишларини агротехник талабларга қатъий риоя қилган ҳолда бажариш ва ўз вақтида якунлашнинг аҳамиятига тўхталди. Шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ерга ишлов бериш сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
Семинар доирасида жанубий туманлар ҳокимлари ҳам ўз тажриба ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Амалий қисмда эса замонавий техникалар ёрдамида ер ҳайдаш жараёни намойиш этилди. Фермерлар бу орқали янги усуллар, энергия тежамкор технологиялар ва замонавий механизация воситалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги ривожи йўлида яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида сўз юритдилар. Бугунги кунда фермер хўжаликларининг техникалар билан таъминланиш ҳолати юқори даражага кўтарилган, замонавий техникалар асосида иш унумдорлиги ва меҳнат самарадорлиги ортиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида ҳосилдорликни ошириш, ресурсларни тежаш ва ҳар бир гектардан олинаётган фойдани кўпайтиришга хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, кузги шудгорлаш — бу келгуси йил ҳосилининг асоси саналади. Ерга чуқур ишлов бериш, ўсимликлар қолдиқларидан тозалаш, намни сақлаш ҳамда тупроқнинг унумдор қатламини янгилаш орқали баҳорги экинлар учун қулай шароит яратилади. Айнан шудгорлаш сифати кейинги мавсумда ҳосилдорликнинг 20–30 фоизига таъсир кўрсатади.
Мазкур амалий семинар нафақат тажриба алмашиш, балки фермер ва деҳқонларимизни янги ютуқларга руҳлантирувчи муҳим майдонга айланди. Амударёлик фермерлар эса ҳар доимгидек меҳнатсеварлик, садоқат ва фидойилик билан юртимиз аграр салоҳиятини юксалтириш йўлида жонбозлик кўрсатмоқдалар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶