Амударёда замонавий пахта териш техникалари тақдимоти ўтказилиб, соҳани механизациялаш истиқболлари муҳокама қилинди
Бугунги кунда мамлакатимиз аграр секторида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб моҳияти қишлоқ хўжалигини тўлиқ модернизация қилиш, қўл меҳнатини қисқартириш ва соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган. Хусусан, пахтачиликда ҳосилни қисқа муддатларда, нес-нобуд қилмай йиғиб-териб олишда замонавий техникаларнинг ўрни беқиёс. Шу мақсадда жойларда фермер ва кластерлар учун махсус кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда. Ана шундай муҳим тадбирлардан бири 19 январь куни Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтди.
Замонавий пахта териш техникалари тақдимотига бағишланган мазкур семинар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Аграр, сув хўжалиги, табиатни муҳофаза қилиш ва экология масалалари қўмитаси раиси Анвар Жуманазаров бошчилигида ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади Фарғона вилоятида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда фаолият юритаётган қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий пахта териш машиналарини кенг жамоатчиликка таништиришдан иборат бўлди.
Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш бўйича катта қадамлар ташланмоқда. Мазкур корхона фаолияти ҳам айнан жаҳон андозаларига мос келувчи, юқори самарадорликка эга техникаларни юртимизда ишлаб чиқариш ва деҳқонларимизга етказиб беришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Семинар давомида мутахассислар томонидан мазкур техниканинг техник имкониятлари, ёқилғи тежамкорлиги, пахтани тоза териш кўрсаткичлари ва энг муҳими, даладаги ҳаракатчанлиги борасида батафсил маълумотлар берилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, пахта йиғим-теримида механизациялаш даражасини ошириш — бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Бу нафақат ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиб олиш имконини беради, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам фермер хўжаликларига катта фойда келтиради. Тақдимот жараёнида ушбу машиналарнинг пахта териш жараёнида меҳнат унумдорлигини оширишдаги роли ҳамда амалий қўллаш тажрибалари ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон фермерлари кенгаши, шунингдек, “Ўзагролизинг” акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси филиали масъуллари иштирок этгани масаланинг ҳар томонлама муҳокама қилинишига замин яратди.
Шунингдек, йиғилишда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти олимлари, туман ҳокимликларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, агроинспекция мутахассислари, ҳудуддаги пахта тўқимачилик кластерлари ҳамда йирик фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашдилар.
Мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар, хусусан, техниканинг сервис хизмати, эҳтиёт қисмлар таъминоти ва лизинг шартлари бўйича мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Фермерларнинг техникани бошқариш қулайликлари ва маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мослашувчанлиги борасидаги фикрлари ҳам тингланди.
Семинар якунида замонавий техникаларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш, бу борада фермер ва кластерлар билан ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Хулоса ўрнида айтганда, Амударё туманида ўтказилган ушбу тадбир 2026 йилги пахта мавсумига тайёргарлик жараёнида муҳим қадам бўлди. Зеро, далаларимизда замонавий ва самарадор техникаларнинг кўпайиши — қишлоқ хўжалигимиз барқарорлиги ва деҳқонларимиз даромадининг ошишига хизмат қиладиган асосий омилдир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶