Халқаро ногиронлар кунига бағишланган тадбир ўтказилди
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя мужассам. Мазкур жараёнларда ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида эълон қилинган бўлиб, бу сана республикамиз бўйлаб кенг нишонланиб келинмоқда.
Сана муносабати билан 2 декабрь куни Амударё туманидаги “Хон” тўйхонасида ташкил этилган тадбир ҳам мазкур мақсадларнинг амалий ифодаси бўлди, дейиш мумкин.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Фахриддин Юсупов, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбоев, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Амударё туман бўлинмаси раиси Нилуфар Халбоева ҳамда имконияти чекланган юртдошларимиз иштирок этдилар.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга жамият ва давлат томонидан кўмак ва ёрдам кўрсатиш, уларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга фаол жалб этишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган биронта ҳам юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳру эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнати ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда.
Тадбирда ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Фахриддин Юсупов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлаб, шу мақсадда уй-жойлар, турли реабилитация-техник воситалари билан таъминланаётгани, бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, моддий-маънавий қўллаб-қувватланаётганини айтиб ўтди.
Жамиятда ҳар бир инсон ўз ўрнига эга. Жисмонан тўлақонли соғлом бўлмаса ҳам, имконияти чекланган инсонлар ўзларининг ҳаётга бўлган ишончи ва умидини сўндирмасдан, жамиятнинг фаол аъзосига айланиб, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Тадбир давомида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими бошлиғи Ғуломжон Дуйсенбоев мамлакатимизда имконияти чекланганлар учун тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши, малакали тиббий хизматлардан фойдаланиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши, ўзларини жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этишлари учун қулай шароитлар яратилганини таъкидлади.
Шундан сўнг, бир гуруҳ имконияти чекланган юртдошларимизга эсдалик совғалари топширилди. Ундан ташқари, 2 нафар ногиронлиги бўлган болаларга ногиронлар аравачаси билан ўйинчоқлар, 8 нафар эшитишида нуқсони бўлган кекса ёшдаги имконияти чекланганларга эшитиш мосламалари, 14 нафар юртдошларимизга эса кўзи ожизлар хассаси берилди.
Туман Маданият бўлими томонидан намойиш этилган катта мусиқий дастур тадбирга янада файз киритди ва барчага байрам кайфиятини улашди.
Ногиронлар кунига бағишланган байрам тадбири шўх куй-қўшиқлар ва дилрабо рақслар билан давом этди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶