“Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ягона Ватанмиз!" шиори остида маънавият марафони ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2023 йил 2 ноябрь кунги баёни ижросини таъминлаш мақсадида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосида ҳудудларда маънавият-маърифат тадбирлари ўтказилмоқда.
Амударё туманида ҳам 2023 йил 10 ноябрь куни “Маънавият марафони” тадбирлари бўлиб ўтди.
Туман Маданият бўлими биносида ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси “Маънавият-маърифат” маркази туман бўлими раҳбари Ислом Маткаримов, Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таълим фахрийси Турсунбой Абдуллаев, овул ва маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда ёшлар қатнашдилар.
Тадбирда сўз олган Қорақалпоғистон Республикаси “Маънавият ва маърифат” маркази туман бўлими раҳбари Ислом Маткаримов мамлакатимизда жадал тарзда кечаётган янгиланиш жараёнларида маънавият, маърифатга эътибор ҳар доимгидан ҳам устувор аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
“Маънавият марафони”ни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам ёшлар ўртасида миллий ғурур, ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, асрлар давомида сақланиб келаётган миллий урф-одатлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришдир.
Дарҳақиқат, бугун ёшларда миллий ғурурни шакллантириш ва юксалтириш, ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, мамлакатимиздаги туб янгиланиш жараёнларининг мазмун-моҳиятини келажагимиз эгаларига янада кенгроқ тушунтириш долзарб масала ҳисобланади.
“Маънавият марафони” доирасида бир қатор лойиҳалар ҳам амалга оширилди. Жумладан, ёшлар орасида китобхонликни тарғиб қилиш борасида “Бахтли болалик”, “Китоб – билим булоғи” каби мавзуларда давра суҳбатлари, “Бу китобни ҳар бир инсон ўқиши керак” ғояси остида китоблар кўргазмалари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таълим фахрийси Турсунбой Абдуллаев, “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғоясининг мазмун-моҳияти ҳақида, юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ва уларнинг самаралари ҳақида ёшларга ҳаётий мисоллар орқали сўзлаб берди.
“Маънавият марафони” доирасида ёшлар ўртасида урф-одатларимиз, анъаналаримиз ҳам кенг тарғиб қилинди ҳамда тажрибалари нуронийларнинг, таниқли олим ва зиёлилар, устоз-мураббийларнинг ибратли ҳаёт йўли тарғиб этилди.
Тадбирда миллий қадриятларни сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш бўйича фикрлар билдирилиб, ёшлар эътиборига мумтоз қўшиқлар ва рақслар ҳавола қилинди. Шу билан бирга “Миллий қадриятлар – миллат кўрки” шиори остида миллий либосларимиз ҳам тарғиб этилди. Шунингдек, миллий либос кийган таниқли созандалар иштирокида концерт дастури ташкил этилди.
Ёш авлод қалбида Ватанни севиш, уни қадрлаш туйғуларини кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон – менинг Ватаним!”, “Онамдайин меҳрибон Ватан!” каби мавзуларда куй-қўшиқлар янгради.
“Маънавият марафони” лойиҳасининг амалга оширилиши болалар ва ёшлар таълим-тарбиясидаги узвийликни таъминлашда, уларнинг сиёсий, ижтимоий, маънавий, мафкуравий фаоллигини оширишда барча вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг масъулиятини ва дахлдорлигини оширади ҳамда маърифатли жамиятни барпо этишни ёшлар онгига сингдиришга, мамлакатимизда ёшлар сиёсатига доир ишлар натижадорлигини оширишга хизмат қилади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶