КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ - ШАХС МАЪНАВИЯТИ КЎЗГУСИДИР
Ўртача катталикдаги хонани тўлдириб ўтирган аёлларнинг суҳбатини 17-18 ёшлар атрофидаги қизнинг баланд овозда:
- Ассалому алайкум, - деб кириб келиши бузди.
Аёллар алик олиб қиз билан сўрашди.
- Эна, чойларингиз борми? Иссиқ чой олиб келайми? –дея юзланди қиз хонадон бекасига. Кейин хонтахта устидаги чой қолдиқларини олиб, тозалаган бўлди. Дастурхон тозалаётиб тор шими, кофтаси ноқулайлик туғдиргани учунми, гоҳ ўтириб, гоҳ энкайиб ҳаракатланар, энкайганида кофтасининг этаги кўтарилиб, бели кўриниб турарди.
- Кўйлакда юр, деб неча марта айтаман-ов, гапимга кирмайсан, -деди бу ҳолдан ўнғайсизланган эна.
- Эна, тўнгмасам бўлди эмасми? –эркаланди қиз.
Шу баҳона суҳбат мавзуи ҳозирги кийимларга, кийиниш одобига кўчди.
- Бозорга бориб неварамга бир қалинроқ устки кийим олиб берай, деб у бошидан кириб, бу бошидан чиқдим ҳамки, кўнглимга ўтиргудай нарса топмадим. Нуқул одамнинг белини ёпмайдиган курткалар. Сотувчилар ҳозирги мода шу, момо, обераверинг болангизга, деб кулади. Нега энди жонимизни эмас, модани ўйлашимиз керак? –куюниб сўзлайди улардан бири.
- Ҳозирги ёшларга мода керак. Совқотгани билан иши йўқ. Шунинг учун ҳам ёшларда касалликларга чалиниш кўп учраяпти.
Ҳар ким ўз билганича фикр билдираяпти. Менинг хаёлимда эса "тўнгмасам бўлди эмасми”,-дея эркаланаётган қиз гавдаланаверади. Агар шу қиздан:
– Кийим яна нима учун кийилади? –дея сўралса, бошқа жавоб айтаолмаса ҳам керак. Умуман, устки кийим одамнинг аввало танасини ёпиш, қолаверса, иссиқдан, совуқдан асраш учун кийилиши лозимлигига кейинги йилларда айрим ёшлар жуда енгил қарашаяпти. Чункиқизларнинг енг ўрнига боғичли, елкалари очиқ кўйлак, эркакларнинг ҳам енгсиз футболка, тиззасидан юқори "шортик”лар кийиб юрганига кўзимиз тушади. Бунингдек ҳолатлар саноқли бўлса-да умумназаридан четда қолмаслиги, ёқимсиз одатларга чек қўйилишига ҳаракат қилинмоғи лозим.
Тўғри, ҳеч кимнинг бировга ундай ё бундай кийин, дейишга ҳаққи йўқ. Бироқ ярим яланғоч кийиниш, ўта тор кийимлар аввало инсон соғлиғига зарарлигини, қолаверса, миллийлигимизга зид эканлигини тушунтириш, тўғри йўл кўрсатиш орқали таъсир ўтказиш мумкин, албатта.
Халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир урфлари борки, бугунги авлод вакиллари уларни ҳар қанча ўрганса, ибрат олса, арзийди. Хусусан, кийимлар баданни ёт нигоҳлардан асраши учун, уйга, тўй-маъракага, ишга кийишга мўлжалланиб сотиб олинади. Ва ўз ўрнида тоза, яхши сақлашга ҳам эътибор билан қаралади. Бош кийим ҳеч қачон ерга қўйилмайди, кийимни босиб ўтиш одобсизлик саналади.
Одатда кийимларимиз иқлимга мос, ярашиқли ва табиий матолардан тикилса, ҳар ким ўз гавда тузилишига қараб бичим танласа, қандай яхши. Қисқа қилиб айтганда, ҳар бир шахснинг кийиниш маданиятига қай тарзда амал қилиши –унинг маънавиятини кўрсатиб турувчи кўзгудир. Ҳар ҳолда остона ҳатлаб кўчага чиқаётган одам ўзи ҳақида одамларда ёмон таассуротлар қолдирмасликка, кийиниш одобига риоя этишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Ойгул РАЖАБОВА.
(Фото - http://www.uza.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶