АЁЛНИ ЭЪЗОЗЛАШ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Аёл! Бу буюк сўзни ҳар гал тилга олганимизда кўз ўнгимизда бизни дунёга келтириб, кўзи қароғида асраб-авайлаб вояга етказган онажонимизнинг меҳрибон, мунис чеҳраси намоён бўлаверади. Шу мукаррам зот олдида доим фарзандлик бурчимизни англаб яшашга ундайди.
Ҳа, аёл улуғ зот! Уни ҳар қанча ардоқласак ҳам камлик қилади. Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган онани, аёлни эъзозлашдек олий қадриятлари давлатимиз сиёсатининг ҳам бош вазифалари сирасига киради. Чунки ҳаёт синовларидан ўтган, ҳеч ким инкор эта олмайдиган буюк бир ҳақиқат бор: фарзанди соғлом, бахтиёр бўлса – она шод, она бахтиёр бўлади. Оналар бахтли бўлса, бутун Эл-Юрт бахтли бўлади, тинчлик ҳукм суради, фарзандлар комил инсон бўлиб вояга етади. Демак, миллат комиллиги энг биринчи навбатда онага боғлиқ. Муҳтарам Президентимиз ибораси билан айтганда: "Оналарнинг обрў-эътиборини жиддий равишда ошириш, уларнинг меҳнатини, жисмоний соғлом, маънавий бой ҳамда ахлоқан пок ёш авлодни тарбиялашдаги хизматини муносиб баҳолашимиз керак. Она тўғрисида, унинг фарзанди тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлатимизнинг муқаддас бурчидир”.
Оиланинг файз-у баракаси, хонадоннинг фариштаси - аёл. Аёлларсиз ҳаётни, жамиятни, тараққиётни тасаввур қилиб бўлмайди. Мустақиллик йилларида аёлнинг она сифатидаги нуфузини ошириш, уни асраш билан бирга, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, интеллектуал салоҳиятини оширишга, уларнинг давлат ва жамият қурилишида фаол иштирокини таъминлашга, меҳнатини муҳофаза қилишга ҳам катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Мамлакатимизда истиқлол йилларида хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг жамиятдаги ролини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Муҳтарам Президентимиз аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролига юқори баҳо бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хотин-қизларимизнинг билимдон, замонавий мутахассис, малакали касб эгалари бўлишлари ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътиборидаги энг устувор вазифа эканлигини алоҳида таъкидлаб келадилар. Мамлакатимизда аёлларга бўлган юксак ҳурмат-эътибор ва ғамхўрликнинг амалий исботи сифатида истиқлол йилларида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги роли ва таъсирини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Президентимизнинг 1995 йил 2 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз аёлларининг жамиятни, давлатни бошқаришдаги билимлари, ақлу-заковати ва имкониятларига бўлган ишончининг ёрқин намунаси бўлса, 2004 йил 25 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларининг самарадорлигини оширишда яна бир муҳим қадам бўлди. Ушбу Фармон билан овул ва маҳаллаларда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди. Бугунги кунда туманимиздаги овул ва маҳаллаларда 47 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар фаолият олиб боришмоқда.
Туманимиз жами аҳолисининг салкам 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Туманда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий соҳада тўлақонли иштирокини таъминлаш борасида самарали иш олиб борилмоқда. Айниқса, Хотин-қизлар қўмитаси билан сиёсий партиялар туман кенгашларининг "Аёллар қаноти” ўртасида ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. 2014 йил 21 декабрда вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловларда 6 нафар хотин-қизлар халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутатлигига сайлангани фикримизнинг далилидир. Бугунги кунда туманимизда умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, марказий шифохона бўлимларига раҳбарлик қилаётган аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда, жамият маданий ҳаётида иштироки тобора ортиб бормоқда.
Қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, интеллектуал қобилиятларини ҳар томонлама ривожлантириш, уларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш мақсадида бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларида "Зумрадойлар давраси”, умумтаълим мактаблари, ака-демик лицей ва касб-ҳунар коллежларида "Ораста қизлар” тўгараклари, маҳаллаларда "Ораста қизлар давраси” фаолияти йўлга қўйилди.
Ҳар йили "Ораста қизлар” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи 2-босқич ўқувчиси Гулнура Тўлибоева таълим муассасалари ўқувчи-қизлари ўртасида ўтказилган "Ораста қизлар” кўрик-танловида, Манғит Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Меҳрибон Турсунбоева "Маҳалланинг энг ораста қизлари” кўрик-танловининг Ўзбекистон Республикаси миқёсида бўлиб ўтган Форумида муваффақиятли иштирок этиб қайтишди.
8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами бутун мамлакатимизда бўлгани каби, туманимизда ҳам кенг нишонланмоқда. Байрам муносабати билан овул ва маҳаллаларда истиқомат қилаётган, меҳнат фахрийси бўлган нуроний онахонлар ҳолидан хабар олиниб, байрам совғалари берилмоқда. Хотин-қизлар меҳнат қилаётган идора, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида овул ва маҳаллаларда байрам муносабати билан спорт мусобақалари, турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
"Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан Хотин-қизлар байрами арафасида 100 ёшдан ошган онахонлар, иккинчи жаҳон урушида фронт ортида фидойи меҳнат қилган онахонлар ҳолидан хабар олиш, уларга тиббий хизмат кўрсатиш, байрам билан табриклаш ишлари ташкил этилди. Чунки онани эъзозлаш - энг олий қадриятдир.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимизда истиқомат қилаётган барча мўътабар онахонларимизни, азиз опа-сингилларимизни,дилбар ва оқила қизларимизни баҳор элчиси бўлган гўзал байрамимиз – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Марям АҲмедова, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.
(Фото - ЎзА)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶