Депутат – эл хизматида
Ҳаётда одамлар турли-турли касбларда фаолият олиб боради. Барча соҳалар унда меҳнат қилаётган инсонларнинг фидойилиги, ўз касбига бўлган ҳурмати асосида ривожланади. Интеллектуал салоҳиятли, интилувчан ходимлар ўз жамоасидагина эмас, эл-юрт олдида обрў-эътибор қозонади.
Туман Маданият ва туризм бўлимида меҳнат қилаётган Ойбек Бегимовни бугунги кунда туманимизда кўпчилик танийди десам, адашмаган бўламан. Бунинг боиси меҳнат фаолияти билангина боғлиқ эмас. У иқтидорли сухандон сифатида туманимизда ўтказиб келинаётган барча давлат тадбирларида, муҳим саналар муносабати билан ташкиллаштирилган тадбирларда, оммавий кўнгилочар томошаларда бошловчилик қилиб, элимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаяпти.
У мактабни тугатгач, К.Айимбетов номидаги Нукус маданият коллежининг клуб тадбирлари режиссёри йўналишида ўқиб, қизиқишларига кўра билим ва малакаларини оширди. Меҳнат фаолиятини 2006-2011 йилда тумандаги 9-сонли Чойкўл қишлоқ клуби мудири бўлиб ишлашдан бошлади. кейинчалик марказий маданият уйида бадиий раҳбар, директор ўринбосари, маданият ва аҳоли дам олиш маркази оммавий-маданий ва маърифий ҳамда театрлаштирилган тадбирларни ўтказиш бўйича режиссёр вазифаларида ишлади. Айни кунда туман Маданият ва туризм бўлими маданият марказида оммавий-маданий ва маърифий ҳамда театрлаштирилган тадбирларни ўтказиш бўйича режиссёр бўлиб ишлаяпти.
Одатда оммабоп маданий томошаларни кўрганимизда кўнглимиз тозаргандай руҳимиз енгиллашади, атрофга ўзгача нигоҳ билан қараймиз. Бундай кечинмалар томоша таъсири эканлигини ҳис қиламиз-у бироқ шундай таъсирли ва завқли томошаларни тайёрлаган инсонларнинг машаққатли меҳнатлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.
Ойбек Бегимов 17 йилдан бери ана шундай томошаларни тайёрлашга ҳисса қўшишдан ташқари уларда бошловчилик ҳам қилади. Бу унга икки ҳисса масъулият юклайди.
Шунингдек, ишдан бўш вақтларида юртдошларимизнинг тўй-тантаналарида ҳам хизмат қилиб, эл олқишини олиб келаяпти.
Ойбек Бегимов ўз меҳнат жамоасида, туманимизда ҳалол меҳнатлари туфайли эътибор қозонган инсон. Ёш бўлса-да, унга Бойовул сайлов округи сайловчилари ишонч билдиришиб, туман Кенгаши депутати қилиб сайлашган. У хизмат лавозими юкламалари қаторида депутатлик бурчини ҳам адо этишга, сайловчилари билан мунтазам учрашиб, уларнинг турмушидаги муаммолари ҳал бўлиши учун ҳам интилади.
Жорий йилнинг ўзида Бойовул маҳалла фуқаролар йиғини биносида 3-сектор раҳбари, Халқ қабулхонаси мудирининг сайёр қабули ташкиллаштирилишига бош бўлди ва аҳоли ҳаётидаги муаммоларни масъулларга етказишга интилди.
Ҳудуддаги мактаб ўқувчилари билан, уюшмаган ёшлар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг маънавиятини юксалтиришга ҳаракат қилди, бугунгидай эркин, фаровон ҳаётни қадрлашга, етук инсонлар бўлиб вояга етиб, юртимизга хизмат қилишга чорлади. Ўз ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш ,қурилиш ишларини назорат қилиб боришга меҳрга муҳтож инсонлардан хабар олишга ҳам вақт топади.
Ҳудуднинг Аҳмад Яссавий кўчасида яшовчи Илҳом Бобожонов хонадони олдида турган электр симёғоч чириб яроқсиз ҳолга келиб қолгани, қулаб тушиш хавфи борлигини депутатга айтганидан кўп ўтмаёқ эски симёғоч туман Электр тармоқлари корхонаси ходимлари томонидан янгисига алмаштирилди. Шунингдек, сайловчилар билан учрашув чоғида фуқаролар Қиличбой, Зулфия номли, Тадбиркорлар кўчаларидаги хонадонлар томорқасига оқар сув етишмаётганини билдиришган эди. Бу борада тегишли идораларга мурожаат қилиб, Манғит арна каналига насос ўрнатилишига бош бўлган депутатдан аҳоли жуда миннатдор бўлди. Ойбек Бегимов эса элига нафи тегаётганида фахрланиб яшайди. Зеро эл-юрт ғамида яшаш – ҳақиқий олижанобликдир.
Севара ИСМОИЛОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶