МАШАҚҚАТЛИ МЕҲНАТЛАР ЭЪТИРОФИ
Фидойилик! Бу бир қарашда баландпарвоз сўздек туюлса-да, замирида бир инсоннинг ўз ҳаловатини ўйламай қилган машаққатли меҳнатлари, эртага бугунгидан ҳам унумли ишлаш, умум манфаатига ҳисса қўшиш йўлидаги соф орзулари бор. Чор-атрофимизга назар солсак, бундай тоифа инсонлар жуда кўп.
“Тараққиёт кўзгуси” газетаси махсус мухбири, эл севган ижодкор, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, қатор бадиий, публицистик асарлар муаллифи Робия Йўлдошевани мен ҳеч иккиланмай юртимиз фидойиларининг бири, деган бўлардим.
Робия билан “Амударё ҳақиқати” (ҳозирги “Тараққиёт кўзгуси”) газетасида журналистик фаолиятимизни деярли баравар бошлаганмиз. У пайтларда газета ҳафтасига уч марта ёруғликка чиқар, газета ижодий ходимлари, босмахона ишчиларининг навбатчилари учун иш то газета тайёр бўлгунча – гоҳ ярим кеча, гоҳ тонггача давом этарди. Лекин ҳеч ким бундан нолимас, оғринмас, эрталаб яна одатдаги ишга шўнғиб кетаверарди. Чарчоқ ҳам ўз йўлига, газетанинг янги сонига ёруғликка имзо чеккан навбатчининг зиммасида шу соннинг ҳар бир ҳарфи учун масъулият борлигини фақат соҳа ходимларигина ҳис қилади. Лекин газетанинг ҳали сиёҳи қуриб-қуримаган ҳар янги сонини қўлингга олиб, кўзларинг нури, машаққатли меҳнатинг, азиз умринг бахшида этилганини ҳис қилишнинг завқи бошқача.
Робия Йўлдошева умрининг кейинги қирқ йилга яқин муддатининг асосий қисми “Тараққиёт кўзгуси” газетасида, қайноқ меҳнат жараёнида кечди. Бундан ташқари, “Соғиндим”, “Амударё саболари” назмий тўпламларини, “Адашганлар қиссаси” қисса ва ҳикоялар тўпламини китобсевар юртдошларимизга тақдим этди. Шу баробарида узоқ йиллар туман хотин-қизлар қўмитаси қошидаги ижодкор хотин-қизлар билан ишлаш Кенгаши раиси сифатида туманда яшаб ижод этаётган йигирма нафардан зиёд ёш ижодкорларнинг китоблари нашр этилишига кўмаклашди. 2017 йилда “Матбуотга бахшида умр” бадиий публицистик, 2019 йилда “Эзгулик йўлидаги матонат” тарихий-публицистик ҳужжатли қисса китоблари нашрдан чиқди.
Кичкинагина жуссасида оламча қудрат яширинган, ҳатто йиллар ҳам куч-ғайратига ўз таъсирини ўтказа олмаган иқтидорли журналистни изласангиз – доимо банд ҳолда кўрасиз. У “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти нашриёти”да чоп этилаётган турли жанрлардаги китобларнинг деярли барчасига муҳаррирлик қилиш билан чекланмай, ўзи ҳам самарали ижод қилади. Бири бадиий публицистик, бири – ҳужжатли қиссадан иборат икки китоби нашрга тайёрланмоқда, кейинги йилларда ёзилган, вақтли матбуотда ёритилган, ёритилмаган шеърлари, ҳикоялари бир эмас, икки китоб ҳам бўлгулик.
Одам агар ўз касбини севса, машаққатларидан ҳам завқ олади, чарчамайди. Шу боис ҳам иқтидорли ижодкор, Ўзбекистон Журналистлар ижодий Уюшмаси аъзоси Робия Йўлдошева иш фаолиятидаги бундай юкламалардан ортиб, оиласида меҳрибон она, тадбирли қайнона, севимли буви. Турмуш ўртоғи Ражаббой Қодиров билан икки ўғил, бир қизни олий маълумотли мутахассис қилиб, эл хизматига қўшди, кенжатойи – олийгоҳ талабаси. Ҳовлиси атрофини ўраб турган меваси ларзон боғ, томорқаси Робиянинг ишдан бўш вақтларида ишлаб (дам олиб эмас), чарчоғини ёзадиган маскани. Эрта баҳордан энг сара меваларни, тотли помидор, бодрингларни ҳамкасбларга илиниб, кўтариб келади ва бу ишидан ўзи жуда қувонади.
Тиниб-тинчимайдиган, бошқалардан фарқли, бир-икки чақирим масофага машина пойлаб ҳам турмай, ўз таъбирича “бир югуриб етиб оладиган”, фаолликни ҳаётий шиорига айлантирган Робия Йўлдошеванинг ҳаётида жорий йилнинг 5 июлида яна бир қувончли воқеа бўлди: шу куни туманимиз кўчабошчилари ва фаоллари билан учрашуви чоғида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев унга “Ватан фидойиси” кўкрак нишонини топширди.
Ижодкорга меҳнатлари бунингдек эътироф этилиши улкан маънавий рағбат, ижодий қувват бахш этди.
Биз ҳамкасблари ўз номимиздан ва кўп сонли газетхонлар номидан Робия Йўлдошевани кўкрак нишон билан қизғин қутлаб, янги ижодий чўққиларни забт этаверишини тилаб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶