Ўзини ўзи банд қилиб, даромад топаётган хотин-қизлар тажрибаси оммалаштирилмоқда
Амударё туманида фаолият юритаётган “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан “Беш ташаббус – беш имконият” номли грант лойиҳаси доирасида жойларда турли тадбирлар, учрашувлар, танловлар ўтказилиб келинмоқда.
Лойиҳанинг иш режаси доирасида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда манзилли қўллаб-қувватлаш дафтарларига киритилган ёшларнинг адабиётга қизиқишини ошириш ва истеъдодларини юзага чиқариш мақсадида улар ўртасида турли мавзуларда иншолар танловлари ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлари ташкилот томонидан рағбатлантириб келинмоқда. Бундан ташқари, манзилли қўллаб-қувватлаш дафтарига киритилган ёшлар учун мактабларда “Компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш” мавзусида очиқ дарслар ўтказилди.
Шунингдек, “Тараққиёт кўзгуси” ва amunews.uz веб-сайти таҳририятлари билан ҳамкорликда ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида манзилли қўллаб-қувватлаш дафтарларига киритилган ёшларнинг ижод намуналари газета ва маҳаллий телевидениеда ёритиб борилмоқда.
Шу тоифадаги ёшлар билан ишлашиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида туманнинг овул ҳудудларида яшовчи ёшлар учун “Китоблар карвони” ҳам ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, ташкилот манзилли қўллаб-қувватлаш дафтарларига киритилган хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида ўзини ўзи банд қилган ҳолда уй шароитида меҳнат қилиб, даромад топаётган аёл-қизлар ҳақида мақола ва информацион лавҳалар тайёрлаш орқали уларни бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатиш, шу йўл билан аёл-қизларнинг бандлигини таъминлашга ҳисса қўшишни ҳам ўз олдига вазифа қилиб қўйган.
Шу мақсадда ташкилот ходимлари туманнинг Ойбек номли маҳалласи ҳудудида яшовчи ишбилармон аёл Саида Нуримбетова хонадонида бўлиб, унинг чеварлик бобидаги ишлари билан яқиндан танишдилар.
Саида Нуримбетова айни кунларда анъанавий қуроқ, кўрпача, дастурхон, чимилдиқ каби маҳсулотларни тикиб тайёрлаш билан шуғулланади. Бу иқтидор Саидага онаси Гулхадича опа томонидан мерос бўлиб қолган. Бугунги кунда Саиданинг ўзи ҳам ўнлаб шогирдлар етиштирган тажрибали устозга айланган.
Саида Нуримбетова бу ҳунар билан жиддий шуғуллана бошлаганига 6 йилдан ошди. Унинг шогирдлари билан биргаликда тайёрланаётган тўй кўрпачалари, чимилдиқлари, тўй дастурхонлари харидорлар томонидан буюртма асосида сотиб олинмоқда.
Саида Нуримбетова каби ишбилармонларнинг кун сайин сафи ортиб бораётганлиги маҳаллада хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларини ҳукумат қарорлари асосида йўлга қўйилганлигининг яққол далилидир.
Маҳаллада тадбиркорлик ишлари билан шуғулланиш истагини билдирган аёл-қизлар учун ҳар томонлама амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бу эса ўзининг ижобий самарасини бериб, натижада маҳалла аёл-қизлари иш билан банд бўлиб, бу ишини ўз оиласи учун даромад манбаига айлантириб бормоқдалар.
Ўрозали Реимов, “Жайхун илҳомлари” ННТ раиси

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶