40-СОНЛИ МАКТАБДА ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛДИ
Энг шукуҳли байрамлардан бири бўлган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни юртимизда ҳар йили кенг нишонланади. Бу байрамда Иккинчи жаҳон ва Афғон уруши иштирокчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар янада эъзозланади, шу урушларда ҳалок бўлганлар, бегуноҳ қурбонлар хотирланади. Шунингдек, ўтган даврларда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳам ҳурмат бажо келтирилади.
8 май куни Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 40-сонли умумтаълим мактабида ҳам катта тадбир ташкил этилди. Афғон урушининг собиқ жангчилари, фахрийлар иштирокида ўтказилган тадбирни мактаб директори Санобар Хўжамуродова очиб берди ва Иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз кўрсатган қаҳрамонликлар, ота-боболаримизнинг жасорати ва матонати, юрт озодлиги учун курашган мардлар, Афғон урушининг бегуноҳ қурбонлари, бугунги кунда юртимизда уруш иштирокчилари, жангчи-фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар тўғрисида гапирди.
Шундан сўнг, 1981-83 йилларда бўлган Афғон урушининг собиқ жангчилари Маматсолий Абдуллаев, Рустам Хўрозов, Рўзимбой Нуримбетовлар ўзлари гувоҳ бўлган уруш хотиралари ҳақида сўзлаб беришди. Ушбу урушдаги даҳшатли жанглар, ҳалок бўлган қуролдош дўстлари, уларнинг кўрсатган қаҳрамонликларини тилга олишди. Жангчи-фахрийлар ҳозирги тинч-осойишта, тўкин-сочин ва дориломон кунларни қадрлаш кераклигини, ёшларнинг бугунги кунда яратилган имкониятлардан фойдаланиб, Ватан келажагига муносиб инсонлар бўлиб вояга етишга интилишлари лозимлигини таъкидлашди. Суҳбат давомида ўқувчилар собиқ жангчиларга ўзларини қизиқтирган саволларни ҳам бериб, жавоблар олишди.
Мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари томонидан ижро этилган тинчлик, Ватан ҳақидаги шеърлар, юқори синф ўқувчи-қизлари томонидан ижро этилган дилрабо рақслари тадбирга янада файз бахш этди. Учрашувга келган собиқ жангчиларга мактаб маъмурияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир мактабнинг 8-9-10-синф ўқувчилари ўртасида “Хотира – абадий, қадр – муқаддас” мавзусидаги иншолар танлови билан давом эттирилди. Ўқувчилар ўз иншоларида Ватан ҳимоячиларини хотирлаш, орамиздаги фидойи инсонларнинг, тинчликнинг қадрига етиш кераклигини баён этиб, урушни қоралаб фикрлар билдиришди. Тинч-осойишта яшаётганимиз, турмуш фаровонлигини таъминлаш учун тер тўкиб, унумли меҳнат қилаётганимизга шукрона айтиб, юртимизда ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етишлари учун яратилган имкониятлар, соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорликлар ва мислсиз ўзгаришлар ҳақидаги мулоҳазаларини келтиришди. “Биз тинчлик тарафдоримиз” мавзусидаги расмлар танловида ҳам ўқувчилар мусаффо осмон, тинчлик ва бахтиёрликда кечаётган ҳаёт, ўлкамизнинг обод гўшаларини тасвирлаб суратлар чизишди.
Тадбир давомида мактабнинг спортчи-ёшлари иштирокида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган спорт мусобақалари ташкил этилди. Ўқувчилар мусобақаларда фаол иштирок этиб, ўзларининг спорт маҳорати, эпчилликлари ва юртга ҳимоясига муносиб ўғлонлар бўлиб вояга етаётганликларини намоёон этишди.
40-сонли умумтаълим мактабида Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб ўтказилган тадбирлар ўқувчиларда катта таассуротлар қолдирди.
Умида Каримова, 40-сонли мактабнинг ИММБ тарғиботчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶