НАРГИЗАХОН - ХОЛИМБЕГЛИК АЁЛЛАРНИНГ ЯҚИН КЎМАКЧИСИ
Юртимизда аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ҳамда эҳтиёжманд оилаларга моддий ва беғараз ёрдамлар кўрсатилишини таъминлаш, жамиятда аёллар ўрни ва мавқеини ошириш кабиларга овул ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.
Амударё туманида ҳам ушбу тизимнинг самараси ҳар бир оилада, ҳар бир аёл тақдирида яққол акс этмоқда.
Ушбу лавозимда ўтган йилнинг май ойидан ишлай бошлаган Холимбег овул фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар фаоли Наргиза Аҳмедова ҳам ҳудуддаги оилалар ва аёлларнинг нафақат бугунги муаммоларини ҳал этиш, балки эртанги ташвишларини камайтиришга ҳаракат қилиб, ўзининг фидойилигини кўрсатмоқда. У ўз иш фаолияти двамида овулдаги ҳар бир аёл-қизнинг муаммосини ўз муаммосидек кўриб, дардига елка тутишга ҳаракат қилиб келмоқда.
Тошкент шаҳридаги Низомий номли педагогика университетининг касбий таълим йўналишини тугатган Наргизахон дастлаб 73-сонли мактаб ўқитувчиси, сўнгра “Дўрман” қишлоқ ҳўжалик касб-ҳунар коллежида махсус фан ўқитувчиси, 48-сонли мактабгача таълим ташкилотида психолог, 17-сонли мактабда ижодий-маданий масалалалар бўйича тарғиботчи лавозимларида ишлаб, тажриба орттиргани сабабли, холимбеглик аёл-қизларнинг дард-у ташвишларини ўзига хос тарзда, яқиндан ўрганиб ҳал этилишига кўмаклашмоқда ва уларнинг кўмакчисига айланмоқда.
Холимбег овулида 1292 та хонадон бўлиб, 7132 киши истиқомат қилади. Шундан 3500 нафарини аёл-қизлар ташкил этади. Ўтган 2022 йилда “Аёллар дафтарига” 123 нафар аёл-қиз 6 та тоифа бўйича киритилган. Шулардан 59 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар 1-тоифага олиниб, турли йўналишлар бўйича бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка йўналтириш орқали фуқаролар йиғини раиси бошчилигида, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда иш олиб борилиб, 80 нафарга яқин аёл-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар хил турдаги кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Овулдаги 35 нафардан ортиқ аёл-қизлар 10 йил муддатга берилган томорқа ерларига эга бўлишди. Шунингдек, 4 нафар аёл-қизга субсидияга тикув машинаси олиб берилди, 1 нафар аёлга кичик иссиқхона ташкил этишида кўмаклашилди. Ҳудуддаги “Аёллар дафтари”га кирган кам таъминланган оилаларда яшовчи 3 нафар қизга олий таълим муассасаларида ўқишлари учун контракт пулларининг 30 фоизи тўлаб берилди.
Ҳозирги кунда аввал ишсиз бўлган шу овулда яшовчи Насиба Собировага банкдан кредит олиб, тикув машиналари олишига кўмаклашилгани натижасида у тадбиркорликни йўлга қўйиб, 2 нафар ишсиз аёл-қизни иш билан таъминлашга эришди. У овулдаги аёл ва эркакларга мавсумий кийим-кечаклар тикишни, дўкон очиб, сотишни йўлга қўйган. Шу билан бирга яна 15 нафарга яқин шогирдлар тайёрламоқда.
Келинлари ишсиз бўлган Феруза опа Йўлдошевага ҳам кредит маблағлари олишига, томорқасида иссиқхона ташкил этишига ёрдам берилди. Иш билан банд бўлган хонадон эгалари иссиқхонада исмалоқ, барра кўк пиёзлар етиштириб, шу кунларда бозорга олиб чиқишмоқда. Кўкатларнинг ўрнига ўстириб қўйилган бодринг кўчатларини экиб, улардан ҳам даромад олишни мўлжаллашмоқда.
Хотин-қизлар фаоли Наргиза Аҳмедова овулда қадимдан давом этиб келаётган миллий удумлар, умрбоқий анъаналарни ёшлар онгига сингдириш, уларга ҳурмат руҳида улғайтириш каби мақсадлардаги тадбирлар ҳам ташкил этилишига бош-қош бўлади. Ана шундай тадбирлардан бири бўлган кўкламий таом – сумалак қайнатиш маросими овулдаги фаол аёллардан бири Феруза опа Оллаёрова хонадонида ўтказилганида унга овулдаги ёшу-қари ташриф буюрди. Овулда яхши бир анъана бор: кимнинг хонадонига янги келин тушса шу хонадонда сумалак қайнатилади, уйга келган ёшу-қарига “келинсалом” берилади. Шу куни сумалак қайнатиш билан бирга ана шундай “келинсалом” ва бошқа қадимий урф-одатлар бажарилиб, барчага хушкайфият улашилди.
Наргизахон ҳудуддаги аёл-қизларнинг асосий муаммоларидан бири бўлган уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, турли касалликлар ва салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида овулдаги 71-оилавий поликлиника билан ҳамкорликдаги тиббий кўрикларни ҳам йўлга қўйди. Ўтган давр мобайнида 1500 ортиқ 30 ёшдан ошган аёл-қизлар тиббий кўриклардан ўтказилди ва натижаларга кўра эҳиёжманд оилаларда яшовчи аёлларга бепул дори-дармонлар етказиб берилмоқда. Хотин-қизлар фаоли ҳудуддаги 3 та мактаб билан ҳам мунтазам равишда ҳамкорликда иш олиб боради. Шунингдек, маҳалладаги нуроний отахон ва онахонлар, беморлар ётганларнинг ҳолидан хабар олишни ҳам канда қилмайди.
Овул аёл-қизларининг ҳаётини янада яхшилаш борасидаги режаларни рисоладагидек бажаришга ҳаракат қилиб келаётган Наргизахон каби фаоллар ҳар бирининг ўзининг ёлғиз эмаслиги, элдошлар меҳри ва давлатимиз ғамхўрлигини ҳис қилган ҳолда бахтли яшашига кўмаклашади, ҳар бирининг ҳаётига нур олиб киради. Тақдир синовларидан ўтиб келаётган, ташвишларга кўмилган аёлларнинг эртанги куни яхши бўлишига умид уйғотади.
Озода Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶