Босув маҳалласининг ёшлар етакчиси нималар билан банд?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январь кунги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилган эди.
Жумладан, Амударё туманининг ҳам 49 та овул ва маҳаллаларининг ҳар бирига 1 нафар ёшлар етакчиси тайинланди. Етакчилар иш фаолиятини бошлаганига бир йил бўлди. Лекин, мана шу қисқа даврга қарамасдан улар томонидан ёшларнинг муаммоларини ҳал қилиш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, бандлигини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Амударё туманининг Босув маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Нигора Базарбаева ҳам ўз иш фаолиятини бошлаган кундан бошлаб маҳалласидаги ҳар бир ёшнинг хонадонида бўлиб улар билан бирма-бир суҳбатлашди. Суҳбатлашиш асносида муаммоли ёшлар руйхатини шакллантириб, ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда муаммоларни ҳал қилишга киришди.
Ёшлар етакчисининг ва ҳоким ёрдамчисининг бевосита кўмаги билан маҳалланинг ёш келинлари Ойжамол Чўтова ҳамда Турсуной Матюсуповалар тикувчилик цехини очишиб, 3 нафар маҳалладошининг ҳам бандлиги таъминланишига ўз ҳиссаларини қўшишди. Ушбу цеҳда улар турли кўрпа ва ёстиқларни арзон нархларда тикиб, халқимизга беминнат хизмат кўрсатишмоқда.
Ёшлар бу билан ҳам чекланиб қолмасдан ҳоким ёрдамчисига мурожаат қилиб, 33 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олдилар. Улар ушбу маблағ эвазига ўз томорқаларининг 2 сотих майдонида иссиқхона қуриб, полиз маҳсулотларини етиштиршмоқда.
Ёшлар етакчиси ва ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшлардан яна бири Сабоҳат Турсинбаева ҳам 20 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит олди. Сабоҳат ушбу маблағ эвазига 25 қути асалари сотиб олиб, асал етиштиришни бошлаб юборди.
Ўз бобосидан асаларичиликнинг сир-асрорларини пухта эгаллаган Сабоҳатнинг асаларилари йил бошида 25 қути бўлган бўлса, йил якунига келиб 45 қути бўлди. Бугунги кунда асаларилардан етиштирилаётган асаллар харидоргир бўлиб, бозор расталарини табиий ва арзон асаллар билан тўлдирмоқда.
Маҳаллада ушбу ёшлардан ташқари ёшлар еткачиси ва ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан 2022 йил давомида бандлиги таъминланган, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган яна 55 нафар ёшлар бор. Улар ҳам тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича ўз фаолиятини йўлга қўйган.
Жумладан, 14 нафар ёшларга имтиёзли кредитлар, 24 нафарига қишлоқ хўжалиги соҳаси билан шуғулланишлари учун ер майдонлари, яна 7 нафарига эса такрорий экин экиши учун ер майдонлари ажратиб берилди.
Маҳалладаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг 37 нафарига ҳам “Ёшлар дафтари” балансидан турли ёрдамлар кўрсатилди.
Ёшлар етакчиси томонидан амалга оширилаётган бунингдек саъй-ҳаракатлар натижасида маҳалла ёшларининг жамият ҳаётига дахлдорлиги мустаҳкамланиб, эртаги кун учун масъулияти ортмоқда.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶