МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗ НУФУЗИ ВА САЛОҲИЯТИ ЮКСАЛМОҚДА
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мудофаа соҳасини ислоҳ қилиш, Қуролли Кучлар жанговар қобилиятини юксалтириш борасида узлуксиз ислоҳотлар олиб борилаётир. Натижада бугунги кунда давлатимиз суверенитетини, чегараларимиз дахлсизлигини, тинчлик-осойишталигини ишончли таъминлай оладиган, ҳар қандай таҳдидларга қарши тура оладиган миллий армиямиз шаклланди.
Ўзбекистон Қуролли Кучлари дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида 145 давлат орасида 62-ўринни эгаллагани фикримиз далилидир.
Амударё туман Мудофаа ишлари бўлимида ҳам ишлар бугунги кун талаблари даражасида олиб борилиши учун барча имкониятлар сафарбар этилаяпти.
Ўзбекистон Республикаси “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ёшларни ҳарбий хизматга чақириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори, “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарликни ташкил этиш ва уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Бунда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий армиямизнинг Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан ҳимоя қилаётгани, Ватанини асраш ҳар бир ўғлоннинг бурчи эканлиги, мамлакатимизда узлуксиз ҳарбий таълим тизимида “Темурбеклар мактаби”, Олий ҳарбий таълим муассасалари фаолият юритаётгани, уларда таълим олган ёшлар ҳарбий хизмат соҳасида ишлаб, юртимиз тинчлигини, осойишталигини сақлашга муносиб ҳисса қўшаётгани кенг тарғиб этилмоқда.
Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари бу борада фаол меҳнат қилишаяпти. Таълим муассасаларида ёшларнинг жисмоний чиниқиши учун зарур спорт жиҳозлари мавжудлиги уларни чақириққача тайёрлаш ишларини сифатли олиб боришга асос бўлаётир.
Бўлимимиз томонидан ўтган йил мобайнида умумий ўрта таълим мактабларида ўсмирларни чақириққача тайёрлаш бўйича 78 марта тадбирлар ўтказилди, шунингдек, байналмилал жангчилар билан учрашувлар ташкил этилди, “Ёш чегарачилар” ҳарбийлаштирилган спорт мусобақалари ўтказилди.
Ушбу мусобақада 6-сонли мактаб жамоаси туманда биринчи, республикада фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Ёшларни узлуксиз ҳарбий таълимга жалб қилиш борасидаги тарғибот ишлари мунтазам олиб борилаётганлиги натижасида 2022 йилда 9 нафар ёшлар Олий ҳарбий таълим муассасаларига, 8 нафар ёшлар “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейларига ўқишга қабул қилиндилар. Биз уларнинг келгусида Қуролли Кучларимиз сафида садоқат билан хизмат қилишига, мудофаа салоҳияти ошишига ҳисса қўшишига ишонамиз.
Бўлимимиз томонидан армиямиз сафларини муносиб ўғлонлар билан тўлдириш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар белгиланган тартибда танлаб олинишига улкан эътибор қаратилмоқда.
Армия ва халқ якдилдир. Шу боисдан ҳам 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини халқимиз кенг тантана қилади.
Туманимизнинг бутун аҳолисини ушбу қутлуғ кун билан табриклайман. Юртимиз тинч, оналар кўнгли хотиржам бўлсин!
Шерзод МУРОДОВ,
туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶