ИНТЕРНЕТ ВА ЁШЛАР
Ҳар доимгидек ўқишдан уйга қайтиш учун автобусга чиқдим. Ҳаво совуқлиги туфайли автобус ичи одамларга тўла. Атрофдагиларни шунчаки кузатишни ёқтираман. Улар орасидан ўқиган китобларимдаги образларни қидираман.
Ҳамма қалин кийинган. Юзларини совуқдан пана қилишгами ёки касалликдан ҳимояланиш учунми ниқоб таққанлар анчагина. Ана шуларнинг орасидан ойна тарафда ўтирган, ҳали ёш бўлишига қарамай, кўзлари сал қизарган қиз эътиборимни тортди. У қўлидаги телефон билан овора эди. Турли хил одобсиз ҳаракатлар қилиб телефонида ўзини ўзи тасвирга оларди.
Атрофга қарасам – бир менинг эмас, балки автобус ичидагиларнинг ҳам эътибори унда экан. У эса ёнидаги ким, каттами ё кичик, ҳеч парво қилмас эди. Орқа қатордан кимдир баланд овозда “одобсиз қиз экан, ҳеч бўлмаса катталарга жой берса бўлар эди-ку!” деди.
Аслида бу гап унга айтилган бўлса ҳам менга нисбатан айтилгандек хижолат бўлдим.
Ҳозирги глобаллашув даврида ҳаётимизни ижтимоий тармоқларсиз, интернетсиз тасаввур эта олмаймиз. Улар худди кундалик ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб улгурган.
Афсус, кўп вақтимиз китоб ўқиш ёки бирор касбни ўрганиш учун эмас, балки “Телеграм”, “Инстаграм”, “Тикток” каби ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўтмоқда.
Шиддат билан юксалиб бораётган даврда интернет ва ижтимоий тармоқларнинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда унинг ёшлар маънавиятига, уларнинг янгиликларга чанқоқ онгига салбий таъсирининг ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Зимдан эътибор берсак, "Гейм клуб"ларга серқатнов ёшлар (айниқса, ўсмирлар) у ерга боришиб, ҳар хил бузғунчи ғоялар руҳидаги компьютер ўйинларини ўйнаётгани, тутуруқсиз нарсалар билан вақтларини бесамар ўтказаётганлигига гувоҳ бўламиз. Энг ачинарлиси, айрим бефарқ ота-оналар фарзандим интернетда ўтириб, билим олаяпти, деб ўйлашади.
Руҳшуносларнинг маълумотига қараганда, ёшларда бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитет ҳали тўла шаклланмагани учун ўқиган ёки кўрганларига тез ишонишади. Кундалик ҳаётимизда ахборот-коммуникацион технологияларидан фақат эзгу мақсад йўлида фойдаланишимиз ва албатта, меъёрга амал қилишимиз зарур.
Севара ИСМОИЛОВА,
ҚДУ талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶