КЕКСАЛАР УЧУН ТУРИЗМ ОЙЛИГИ ДОИРАСИДА КОНЦЕРТ ДАСТУРИ НАМОЙИШ ЭТИЛДИ
Вазирлар Маҳкамасининг “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2020 йил 28 майдаги қарорига асосан юртимизда ҳар йили ноябрь ойида “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида турли тадбирлар ташкил этилади. Ойлик доирасида Амударё туманида ҳам кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилади, юртимизнинг диққатга сазавор жойларига саёҳатлар уюштирилади.
26 ноябрь куни туман Маданият бўлимининг концертлар залида ойлик доирасида “Янги Ўзбекистонни барпо этишда нуронийларнинг ўрни” деб номланган катта мусиқий концерт дастури бўлиб ўтди. Туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамда Маданият бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирга 250 нафардан зиёд фахрийлар, нуроний отахон ва онахонлар ташриф буюришди.
Тадбир бошланишида туман “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосари Бекман Аллаберганов ойлик доирасида ўтказилган тадбирлар ҳақида маълумот берди ҳамда юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор, ғамхўрликлар ҳақида сўзлади. Кексаларни ҳурмат қилиш, уларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш жамиятимизнинг ўзига хос юксак маънавий, маданий белгисига айланганини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, шу кунга қадар туманимиздаги овул ва маҳаллаларда яшовчи кўплаб нуронийлар республикамизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий ва маданий масканлари, зиёратгоҳлар бўйлаб саёҳатда бўлишганини, турли тадбирлар, маънавий-маърифий кечалар, учрашувлар ташкил этилганини гапириб ўтди.
Шундан сўнг, туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган катта мусиқий дастур нуронийлар эътиборига ҳавола қилинди. Дастур давомида устоз санъаткорлар ижросида мумтоз куй ва қўшиқлар янгради. Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган отахон ва онахонлар турли йўналишидаги шўх наволарга рақс тушиб, кайфиятларини янада кўтаришди. Кексаларга, айниқса, “Учқун” ашула ва рақс ансамбли, “Офарин” фольклор-этнографик халқ жамоаси ижросидаги куй ва қўшиқлар жуда манзур бўлди.
Таъкидлаш жоизки, “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида туманимизнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам турли тадбирлар ўтказилиб, кекса отахон ва онахонлар ҳолидан хабар олинган ҳолда, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилиб, турли совғалар берилмоқда. Нуронийлар тарихий ва зиёратгоҳ масканларга саёҳатларга, спорт ва соғломлаштириш машғулотларига жалб этилмоқда. Бепул тиббий кўриклар ташкил этилиб, саломатликлари текширувдан ўтказилмоқда. Ундан ташқари, бой ҳаётий тажрибага эга нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашувлари” ташкил этилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда янгидан барпо этилаётган боғларга мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазиш маросимлари уюштирилмоқда.
Ойлик доирасида туман Маданият бўлимида ташкил этилган катта концерт давомида нуронийлар мириқиб ҳордиқ чиқардилар. Намуна маҳалласида яшовчи фаол нуроний Фарҳод Авезов барча нуронийлар номидан бу каби эҳтиром, эъзоз, элимиз фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, ёш авлод келажаги йўлида қилинаётган олижаноб ишлар учун Президентга, қолаверса туманимиз масъулларига, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶