ЎҚУВ-СЕМИНАРДА МАЪМУРИЙ ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШ МАТЕРИАЛЛАРИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ ТУШУНТИРИЛДИ
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тузиш ваколатига эга бўлган органлар мансабдор шахслари ва ходимлари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди.
Шу йил 27 сентябрь куни туман ИИБнинг мажлислар залида бўлиб ўтган мазкур семинарда Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди масъуллари, ИИБ ҲПБ бошлиғи подполковник И.Абутов ҳамда Жиноят ишлари бўйича Қораўзак туман суди раиси Женис Алланиязовлар қатнашишди. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг шу йил 5 сентябрдаги қарорининг тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган семинар давомида суд масъуллари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тузиш ваколатига эга органлар мансабдор шахсларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 281-моддасида кўрсатилган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тўлдириш, иш материалларини тузиш тартиби тушунтирилди.
Таъкидланганидек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомада, шу баённома тузилган сана ва жой, баённомани тузган шахснинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади. Шунингдек, ҳуқуқбузарнинг шахсига оид маълумотлар, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва бу ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, ана шундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норматив ҳужжат, агар гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлса, уларнинг фамилиялари ва яшаш манзиллари ҳам киритилади. Ундан ташқари, ҳуқуқбузарнинг тушунтириши, ишни ҳал қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар, башарти ҳуқуқбузарлик туфайли моддий зарар етказилган бўлса, бу ҳам баённомада кўрсатилади.
Баённома уни тузган шахс ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланади. Гувоҳлар ва жабрланувчилар бўлган тақдирда эса баённома мазкур шахслар томонидан ҳам имзоланади.
Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, баённомага бу ҳақда ёзиб қўйилади. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахс баённоманинг мазмуни юзасидан баённомага илова қилинадиган тушунтириш ва мулоҳазаларини беришга, шунингдек, мазкур баённомага имзо чекишдан бош тортиш сабабларини баён этишга ҳақлидир.
Семинар давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани бу бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган органга жўнатиш, тегишли ҳужжатларни илова қилиш тартиби тушунтирилди. Шу қатори маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрланиш, иш материалларини қайтариш тартиби бўйича ҳам маълумотлар берилди.
Йиғилиш якунида туман ИИБ, ИИБ йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бўлими, Агросаноат ва озиқ овқат хавфсизлигини таъминланиш устидан назорат қилиш инспекцияси, СЭО ва ЖС маркази, ДСИ, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими, Транспорт вазирлиги автомобиль ташувларини назорат қилиш бошқармасининг ҚР бўлими, Экология қўмитаси туман бўлими, ФВБ, МИБ каби маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш материалларини тузиш ваколатига эга бўлган орган ва ташкилотлар ходимларига Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 281-282-моддалари талабларига қаътий риоя қилишлари кераклиги тушунтирилди.
Ж.Ўразбоев, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶