Амударёлик саҳоватпеша фермер — "Ўрозбоев Улуғбек" фермер хўжалиги раиси Улуғбек Ўрозбоев кам таъминланган 200 та оилага жами 10 тонна буғдой тарқатди
Хайр ва саҳоват инсонни улуғлаб, ҳар икки дунёда ҳам ажру савобга сазовор этиши ҳақида кўплаб ҳадислар, халқ орасида мақоллар ва ривоятлар бор. Ислом динида мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири хайр ва саховат эканига ишора қилинади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш ишлари доимий кун тартибидаги масалаларга айланган.
Аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар рзйхатини шакллантириш, уларга ҳар томонлама, манзилли кўмак кўрсатиш мақсадида йирик ижтимоий дастурлар - “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” тизимлари яратилди. Ўтган вақт давомида биргина “Темир дафтар” орқали фуқаролар йиғини ҳамда секторлар томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳисобга олиниб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўрганилди. Шу билан бирга, аҳолини камбағалликдан чиқариш, улар билан манзилли ва мақсадли иш олиб боришга доир муҳим қадамлар қўйилди.
Давлатимиз ва ҳукуматимизнинг бу каби инсонпарвар сиёсатидан амударёлик саҳоватпеша тадбиркорлар ҳам ўрнак олишмоқда. Шундай саҳий ишбилармонлардан бири туманимизнинг Дўрман овулида фермер хўжалигини ташкил қилиб, ердан мўл ҳосил ва даромад олаётган фермер Улуғбек Ўрозбоев туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига ташаббус билан мурожаат қилди. Фермер хўжалиги далаларида етиштирилган буғдойнинг бир қисми – 10 тоннаси эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди.
24 сентябрь куни туманнинг барча овул ва маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимоя дафталарига киритилган 200 та оилаларнинг вакиллари туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимига таклиф қилинди. Уларнинг ҳар бирига бир қоп – 50 килограммдан буғдой тарқатилди.
Ислом динимиз таълимотига кўра эҳсон қилиш энг савобли амаллардан саналади. Қуръони Каримда эҳсоннинг фазилати зикр қилиниб, эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар ҳам баён этилган. “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”.
Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.
Эҳсон қилувчи киши бу эҳсони эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкам боғланишига, жамиятда ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини ортишига, дунёвий ишларини ривож топишига хизмат қилади. Қолаверса, кимнингдир оғирини енгил қилиш, унга яхшилик улашиш инсонни маънан етукликка элтувчи асосий кўприкдир.
Тилагимиз – элимизда Улуғбек Ўрозбоевдек саҳоватпеша, қўли очиқ тадбиркорлар ва ишбилармонлар кўпаяверсин!
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶