Унутилмас хотиралар
Уйга келсам меҳмонлар келган экан. Кейинчалик билсам, улар "Амударё ҳақиқати” газетаси муҳаррири Собир ака Юсупов, муҳаррир ўринбосари Нурулла ака Худоёров, газетанинг масъул котиби Собир ака Қутлимуродов, суратчи Сафарбой Шомуродов ва Турсунбой ака Давлатбоевлар экан. Улар қўлларидаги газетани ўқиб суҳбатлашар, қувончдан диллари яйраб ўтирардилар. Бу 1965 йилнинг ёз фасли, "Амударё ҳақиқати” газетаси ва 4-босмахона қайта ташкил қилинган давр эди. "Очил, ўғлинг нимага қизиқади”, деб акам (отамни биз ака деб атардик)дан сўрашганларида у киши менинг адабиётга ва сурат олишга қизиқишимни, фототўгаракда фотоаппарат билан суратга олишни ўрганганлигимни айтди. Шунда Нурулла ака Худоёров менга "эртага таҳририятга бор, Сафарбой акангга ёрдамчи бўласан”, деб тайинлади.
Таҳририятда Нурулла ака Худоёров ва Собир ака Қутлимуродовлар газетага хабар ёзишга қизиқиш уйғотди. Кўп ўтмай "Синфимиз аълочилари” деб номланган биринчимақолам чиқди. Кейинчалик газетада хабар, лавҳа, ҳикоя, ҳажвия, шеърларим билан қатнашиб турдим. Мактабни битиргач, мустақил ҳаётга илк қадамимни 4-босмахонада шогирд бўлиб ишлашдан бошладим. Нукус полиграфкомбинатида линотипчилар тайёрлаш ўқув курсида ўқидим. Линотип машинасида ҳарф териш ва уни созлашни ўргандим. 1969 йил 4-босмахонага линотип машинаси келди ва уни менга линотипда ҳарф териш ва созлашни ўргатган устозим Кенжабой ака Ерниязов билан қуриб, ишга туширдик.
Туманимизда 4-босмахонада биринчи линотипда ҳарф терган Умида опа Мамбетова бўлди ва менга оқ фотиҳасини берди. Босмахонада газетага линотипда ҳарф териш бошланди. Серқирра ижодкорларнинг ёзганларини биринчи ўқиш ва ҳарфларда териш завқли иш, қийин, масъулиятли вазифа эди. Ёш ишчиларга ўзларининг тажрибаларини ўргатиб, ишга ҳавас уйғотган устозлар Гулбий опа Давлетмуродова, Кунжарқин опа Отамуродова, газета саҳифаловчи Моможон опа Абдуллаевалар бизлардек ёшларни босиқ, чидамли, вазмин бўлиб ишлашимизга ундарди. Ҳарф териш игна билан қудуқ қазишдек гап. Газетани чоп қилувчи Ражаб ака Абдуллаев, Саъдулла ака Қуролов ишларини Ойимжон опа Ниёзова, Жумагул Собирова, Бибиробия Омоновалар давом қилдирдилар. Қишлоқ қизи Жумагул Эрдошева Манғитга турмушга чиққач, иш фаолиятини босмахонада ҳарф терувчиликдан бошлаб, газетани чоп қилишни ҳам мукаммал ўрганди. Линотипда ҳарф теришда илк меҳнат фаолияти босмахонада ишлашдан бошланган Жумабой Абдуллаев кўплаб шогирдлар чиқарди. Жумагул Эрдошева, Гуландом Янгибоева, Дилбар Жумамуродова, Улбўсин Обдолова, Норгул Юсупова олий маълумотли муҳандис-технолог Гулбаҳор Иброҳимова каби ёшларга линотипда ҳарф теришни Марям Бегалиева билан ўргатдилар.
Қорақалпоғистон Республикаси туманлариаро рақобатлашувда 4-босмахона меҳнат жамоаси гоҳида ғолиб, гоҳида юқори ўринларни олиб келди.
Вақт ўтгач, шогирдликдан уста даражасига етиб ишладим.
Газетани чоп қилишда фидокорлик кўрсатиб узоқ йиллар ишлаган Жумабой Болтабоевнинг ҳиссаси катта.
Жорий йилда газета ташкил қилинганлигининг 80 йиллиги нишонланди. Ҳа, ўз меҳнатлари туфайли элга танилган 4-босмахона собиқ ишчиларидан тортиб, ҳозирги кунда меҳнат қилаётган матбаачиларнинг газета босмадан чиқишида салмоқли ҳиссалари бор, албатта. Буни асло унутиб бўлмайди.
Давлатбой Очилов,
меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶